Тошкент шаҳрида «Tashkent Travel Mart 2022» халқаро кўргазмаси ўтказилди
Кеча «Hilton Tashkent City» меҳмонхонасида B2B форматида «Tashkent Travel Mart 2022» халқаро сайёҳлик кўргазмаси бўлиб ўтди.
Анъанавий тарзда ўтказилувчи «Tashkent Travel Mart 2022» тадбирини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ва Исроил Туризм вазири Ёел Развозов очиб берди.
Тадбир Туризм ва маданий мерос вазирлиги қўллаб-қувватлаши остида Ўзбекистон Хусусий Сайёҳлик Ташкилотлари Уюшмаси (XSTU) томонидан Европа Иттифоқининг « Switch Asia» лойиҳаси, USAIDнинг тадбиркорлик ва бизнес муҳитини ривожлантиришга оид лойиҳаси, Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги элчихонаси, « ACTED» ва Халқаро Молия Корпорацияси (IFC) кўмагида ташкил этилди.
B2B форматидаги « Tashkent Travel Mart 2022» халқаро сайёҳлик кўргазмаси тармоқлараро мулоқотни кенгайтириш ва янги шароитларда бозорни ривожлантиришнинг мақбул ечимлари ва йўлларини ишлаб чиқиш учун ихтисослаштирилган туристик майдончадир. B2B формати, яъни «бизнес учун бизнес», кўргазмада ихтисослашган ташкилотларга бизнес имкониятларини кенгайтириш, ўз бизнесини юритишдаги кўплаб муаммоларни ҳал этиш, туризм хизматларини таклиф этиш имконини беради деб Аниқ. сайти хабар берган
Таъкидлаш жоизки, жорий йилда кўргазмада Ўзбекистон ва бутунжаҳон сайёҳлик ташкилотларининг энг фаол вакиллари иштирок этди. Булар 10 дан ортиқ давлатларнинг туроператорлар, сайёҳлик агентликлари, меҳмонхоналар, банклар, онлайн хизматлар, суғурта компанияларидан иборат 90 дан ортиқ хорижий компанияларидир. Улар орасида Германия, Чехия, Эстония, БАА, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан сайёҳлик соҳаси вакиллари бор.