Тошкентда Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон ўртасида музокаралар бўлиб ўтди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг музокаралари икки мамлакат делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди.
Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев, кўп қиррали ҳамкорликнинг барча йўналишларида улкан муваффақиятларга эришилганини катта мамнуният билан қайд этиб, Тожикистон бизнинг яқин қўшнимиз, содиқ дўстимиз, давр синовидан ўтган ишончли стратегик шеригимиз эканини таъкидлади.
Президент ўзаро манфаатли ва ҳар томонлама ҳамкорликни икки мамлакатлар ва халқлар манфаатли йўлида бундан буён ҳам мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди. Товар айирбошлаш қарийб 40 баробарга кўпайиб, 600 миллион долларга етди. Қўшма корхоналар сони 10 карра ошди.
Куни кеча ўтган Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва бизнес форумнинг муваффақиятли натижалари – 1 миллиард долларлик янги битим ва шартномалар имзолангани мамнуният билан қайд этилди.
Транспорт, ҳудудлараро ҳамкорлик, парламентлараро ва маданий-гуманитар алоқалар борасида ҳам муҳим натижаларга эришилди.
Икки давлат пойтахтлари Тошкент ва Душанбе шаҳарлари, Сурхондарё ва Хатлон вилоятлари ҳамда Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Сўғд вилоятлари ўртасида самарали алоқалар йўлга қўйилган. Мазкур ташриф доирасида ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси»ни Жиззах ва Сўғд вилоятлари ҳам қабул қиладилар.
Машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, чарм, фармацевтика, озиқ-овқат, агросаноат, тоғ-кон, металлургия ва бошқа тармоқларда лойиҳаларни амалга ошириш учун катта истиқболлар борлиги қайд этилди.
Ўзбекистон-Тожикистон инвестиция компанияси салоҳиятини фаол ишга солиш орқали ҳудудлараро ва саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш долзарблиги кўрсатиб ўтилди.
Бундан ташқари кеча, Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон иштирокида 2 июнь куни Зарафшон дарёсида Яван гидроэлектр станцияси қурилишига старт берилди.
Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон рамзий тугмани босиб, қурилишга старт берган.
Ушбу иншоот энергетика соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликда биринчи йирик лойиҳа бўлади. 140 мегаватт қувватли замонавий станция мамлакатлар энергетик хавфсизлиги, сув ва қишлоқ хўжалиги барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Муҳандислик ишлари тўлиқ замонавий стандартлар асосида, илғор хорижий компаниялар иштирокида олиб борилмоқда.
Лойиҳани молиялаштиришга етакчи халқаро институтлар, шу жумладан, Осиё тараққиёт банки ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки қизиқиш билдирган. Ушбу лойиҳа тармоқнинг илмий ва ишлаб чиқариш салоҳиятини мустаҳкамлаш, минглаб хонадонлар ва янги корхоналарини «яшил» энергия билан таъминлашга хизмат қилади.
31 май куни Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон жорий йил 2—3 июнь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиши ҳақида хабар қилинди.
Эмомали Раҳмон 2 июнь куни эрталаб Тошкентга келди. У йўловчи рейсларини бажарувчи самолётда учиб келган. «Спутник Тожикистон» га кўра, Тожикистон раҳбари бюджет пулларини иқтисод қилиш учун шахсий самолёт сотиб олишни истамаган.