Шавкат Мирзиёев Қозоғистон ва Қирғизистон президентлари билан телефон орқали суҳбатлашди
Шавкат Мирзиёев Қасим-Жомарт Тоқаев ва Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқотида Қорақалпоғистондаги вазиятни муҳокама қилди.
Қозоғистон президенти давлат раҳбари томонидан Қорақалпоғистонда қонунга зид хатти-ҳаракатларга чек қўйиш, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича кўрилган қатъий чора-тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади.
Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари ҳам телефон суҳатида, бўлажак саммитга тайёргарликнинг боришини муҳокама қилишди.
Садир Жапаров Қорақалпоғистондаги вазиятни беқарорлаштиришга уринишларга чек қўйиш мақсадида Ўзбекистон раҳбари томонидан кўрилган қатъий чораларни тўлиқ қўллаб-қувватлади. Бошқа давлатнинг ички ишларига аралашишга йўл қўйиб бўлмаслиги алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари бўлажак олий даражадаги икки ва кўп томонлама учрашувлар режасини, шу жумладан Чўлпонота шаҳрида ўтказиладиган Марказий Осиё мамлакатлари саммитига тайёргарлик масалаларини кўриб чиқдилар.
Марказий Осиё давлат раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш нуқтаи назаридан кўп томонлама ва минтақавий ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Ўтган ҳафта Бишкек шаҳрида ўтган Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳукумат делегацияларининг Қамбарота ГЭС-1 қурилиши лойиҳаси бўйича уч томонлама музокараларининг натижалари мамнуният билан қайд этилди.