Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида муҳокамаси 3 йил давом этган муҳим битим имзоланди
Брюссел шаҳрида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзолаш маросимида Ўзбекистон томондан бош вазир ўринбосари Сардор Умрзоқов иштирок этди.
Икки томон ўртасида имзоланган янги битим Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги 1996 йилда имзоланган амалдаги Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ўрнига ишлаб чиқилган бўлиб икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши кўзда тутилган.
Амалдаги битим асосан сиёсий мулоқот, демократия, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик, маданий алоқаларни илгари суриш, молиявий ва техник ҳамкорлик, инвестициялар, товар ва хизматлар савдоси, шунингдек, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш борасидаги қоидаларни ўз ичига олади.
Битим савдо масалалари, божхона маъмурчилиги, техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария чоралари, рақобат ва давлат корхоналарининг фаолияти, давлат харидлари, низоларни ҳал қилиш ва бошқа соҳалар билан боғлиқ қоидаларни ҳам қамраб олади. Бундан ташқари, янги битим Жаҳон савдо ташкилотининг асосий қоидаларини ўз ичига олгани натижасида инвестициявий шериклик, товарлар, хизматлар ва интеллектуал мулк савдоси соҳаларидаги муносабатлар доираси сезиларли даражада кенгайтирилади.
Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик битими ташқи сиёсат, хавфсизлик, можароларнинг олдини олиш ва рискларни бошқариш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, бошпана бериш ва чегараларни бошқариш, ноқонуний миграция, уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш, терроризмга қарши кураш каби янги соҳаларни ўз ичига олади.
Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик битими бўйича музокаралар 2019 йил феврал ойида бошланган ва 2022 йил июн ойи охирида якунланган. Ушбу давр мобайнида экспертлар, бош музокарачилар ҳамда ҳукумат аъзолари даражасида 10 раунд музокаралар ва 150 дан ортиқ учрашувлар бўлиб ўтди.