Австрияда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига бағишланган брифинг бўлиб ўтди
Венада Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси томонидан Австрия—Ўзбекистон дўстлик жамияти билан ҳамкорликда брифинг ташкил этилди. Бу ҳақда «Жаҳон» ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Дарё.уз сайтига кўра, Австриянинг сиёсий, академик ва ишбилармон доира вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш жараёнлари, шунингдек, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси якунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг сессия очилиш маросимидаги маърузаси билан танишди.
— Ўзбекистондаги Президент ва парламент сайловларида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этганман. Мамлакатда овоз бериш тизими нечоғли уюшқоқлик билан ишлаши, сайлов жараёнининг ўтишидан ҳайратда қолгандим. Халқ овоз беришда фаол қатнашган ва демократик ҳуқуқларидан самарали фойдаланганди, — дея таъкидлади Австрия—Ўзбекистон дўстлик жамияти президенти, Askin&Co компанияси бошқарувчиси Херберт Лугбауэр.
— Конфессиялараро зиддиятлар кучайган бир шароитда Ўзбекистон ўзининг ҳамжиҳатликда яшаётган кўпмиллионли ва кўпмиллати аҳолиси билан ўзига хос ўрнак бўлмоқда, — дейди Вена университети профессори, VENI – Vienna Eurasia Network Initiative нодавлат ташкилоти экспертлари тармоғи раиси Петер Фельх. — Ўзбекистондаги бўлажак сайловлар ҳақида гапирадиган бўлсак, Президентликка номзодлар учун сайловолди кампанияси ҳамда ташвиқот тадбирларини ўтказиш учун бир хил шароит ва имкониятлар яратилган.
Ўзбекистон ҳукумати ва халқига президентлик сайловларини муваффақиятли ўтказишларини тилаб қоламан. Овоз бериш миллий қонунчилик ва халқаро стандартларга тўлиқ риоя этган ҳолда бўлиб ўтишига ишончим комил.