октябр 13, 2022 12:31 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев  Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) VI саммитида нутқ сўзлади
    Шавкат Мирзиёев Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) VI саммитида нутқ сўзлади

Ўзбекистон президенти Остона шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) VI саммитида нутқ сўзлади.

Шавкат Мирзиёев, ўтган давр давомида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш тузилмаси хавфсизликни таъминлаш, Осиёда ўзаро ишонч ва барқарор тараққиётни мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенг ва очиқ мулоқот учун муҳим майдон сифатида ўзининг ғоятда зарур эканлигини кўрсатганини таъкидлади. Ўзбекистон форумни трансформация қилиш масаласи бўйича қўшма фаолиятда иштирок этишга тайёрлигини билдирди.

Ўзбекистон президенти шунингдек "бугун биз халқаро муносабатларда ноаниқлик тобора ўсиб, мулоқот ва ишончнинг мисли кўрилмаган даражада тақчил бўлиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Буларнинг барчаси кўп томонлама ҳамкорлик асосларига путур етказмоқда, можароларнинг авж олишига сабаб бўлиб, глобал иқтисодиётда тизимли узилишларга олиб келмоқда. Юзага келган янги геосиёсий воқелик бутун Осиё қитъаси барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Инқирозли ҳолатлар Марказий Осиё давлатларига ҳам тўғридан-тўғри дахл қилмоқда, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш бўйича бизнинг саъй-ҳаракатларимизни секинлаштирмоқда", - деб айтди.

Ушбу омилларнинг умумий хавфсизлик манфаатлари, тараққиёт ва фаровонлигимизга таъсиридан келиб чиқиб, президент айрим устувор йўналишларга диққат қаратишга чақирди.

Афғонистон муваққат ҳукумати билан ўзаро ҳамкорлик бўйича умумий ва мувофиқлаштирилган ёндашувларни ишлаб чиқиш зарур.

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, афғон муаммоси юзасидан кенг консенсусга эришиш ва глобал даражада амалий чора-тадбирларни қабул қилиш мақсадида Афғонистон ҳукумати билан томонлар мажбуриятларини босқичма-босқич бажариш алгоритмини тайёрлаш ва келишиш лозим.

"Шу муносабат билан ёш авлодни радикализмдан асраш, уларнинг куч-ғайрат ва шижоатини бунёдкорлик сари йўналтириш учун тизимли ҳамкорликни ўрнатишимиз керак", - деди Ўзбекистон раҳбари.

Мирзиёев ёшларнинг энг долзарб муаммоларига биргаликда ечим излашга кўмаклашувчи янги форматни – Авлодлар мулоқотини йўлга қўйишни таклифини билдирди. Мамлакат Ёш етакчилар Форуми доирасида бундай илк учрашувни 2023 йил апрель ойида Самарқандда ўтказишга тайёр.

Мирзиёев ўз нутқида иқтисодиётларни глобал инқирознинг ўсиб бораётган салбий оқибатларига мослаштириш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Ўзбекистон етакчисининг сўзларига кўра, қитъанинг кўплаб давлатлари истеъмол маҳсулотларининг асосий импорт қилувчилари ҳисобланади ва озиқ-овқат хавфсизлигининг оқибатларини жуда ўткир ҳис қилмоқда.

"Бутунжаҳон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, очликдан азият чекаётган сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпи Осиё қитъасида яшамоқда. Парадокс шундан иборатки, бир вақтнинг ўзида айнан бизнинг мамлакатларимиз жаҳоннинг етакчи озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи давлатлари ҳисобланади", деди президент.

Ушбу барча масалаларни ФАО шафелигида келгуси йили Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган халқаро конференцияда муҳокама қилиш таклиф этилди.

Шунингдек, давлат раҳбари экология ва иқлим ўзгариши муаммоларини ҳал қилиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни ҳамда мамлакатларни жадал кўкламзорлаштириш ва экотизимлар боғлиқлигини қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича “Яшил Осиё” концептуал дастурлари доирасида доимий эксперт маслаҳатлашувларини йўлга қўйишни таклиф қилди.

Ёрлиқ