Мирзиёев ва Бердимуҳамедов икки мамлакат ўртасида шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар имзолашди
Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедовнинг Ашхободдаги учрашувида, икки мамлакат ўртасида стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация имзоланди.
Ўзбекистон ва Туркманистон расмийларининг олий даражадаги музокаралар якунида ҳужжатларни имзолаш ва алмашиш маросими бўлиб ўтди.
Икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида кўп қиррали Ўзбекистон-Туркманистон ҳамкорлигини кенгайтиришга қаратилган 13 та ҳужжат имзоланди.
Имзоланган ҳужжатлар қуйидагича:
Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида сиёсий мулоқот, парламентлараро, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш бўйича 2022-2024 йилларга мўлжалланган Амалий ҳаракатлар режаси;
Икки томонлама ташқи иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш тўғрисида битим;
Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ҳудудларида савдо уйлари фаолиятини тартибга солиш тўғрисида битим;
Илмий-техник ҳамкорлик тўғрисида битим;
Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича Амалий чора-тадбирлар режаси;
Дори воситалари ва тиббиёт буюмларини рўйхатга олиш тўғрисида битим имзоланди.
Шунингдек, электр энерегетикаси, божхона иши, ветеринария ва чорвачилик, кинематография ва бошқа йўналишлар юзасидан келишувларга эришилди.
Эслатиб ўтамиз, Туркманистонга расмий ташриф билан борган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан тор доирада музокара ўтказди.
Икки давлат раҳбарлари қардош халқлар ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничиликка асосланган икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилган.
«Сиёсий, савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт-логистика, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари музокараларнинг асосий мавзуси бўлди.
Кейинги йилларда амалий ҳамкорликнинг барча йўналишларида катта натижалар бўлгани таъкидланди. Олий даражада эришилган келишувлар «йўл харитаси» асосида муваффақиятли амалга оширилмоқда»,
Туркманистонга расмий ташриф доирасида Шавкат Мирзиёев Туркманистон парламенти юқори палатаси раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан ҳам учрашди.