Трансафғон темир йўли қурилиши 2 баравар қиматга тушади
Ўзбекистон ва Покистонни боғлайдиган Трансафғон темирйўли қурилиши дастлаб тахмин қилинганидан деярли икки баробар қимматга тушиши айтилади.
Ўзбекистон ва Покистонни боғлайдиган Трансафғон темирйўли лойиҳасининг янги смета қиймати Покистон Сенатининг темир йўл инфратузилмаси қўмитаси йиғилишида хабар қилинди.
Покистон Темир йўл вазирлиги котиби Зафар Ранжа сўзларига кўра, Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳридан Покистоннинг Пешовар шаҳригача қуриладиган Трансафғон темир йўли нархи 8,2 миллиард долларга тушади.
Ўзбекистон чегарасидан Афғонистон орқали Покистонгача бўлган темир йўл линиясини барпо этиш ташаббуси 2018 йилда илгари сурилган эди. Дастлаб 5 миллиард долларга баҳоланган лойиҳага хорижлик компаниялар, жумладан «Российские железные дороги» ҳам қизиқиш билдирди.
Қурилиш ишларини 2021 йил кузида бошлаш режалаштирилган эди, бироқ Афғонистонда ҳокимият алмашиши бунга йўл қўймади. «Толибон» ҳаракати томонидан тузилган муваққат ҳукумат эса музокаралардан сўнг лойиҳага қўшилди. Шу йилнинг январ ойида темир йўлнинг дастлабки йўналиши тасдиқланди.