Шавкат Мирзиёев Конституция куни муносабати билан ўзбекистонликларни табриклади
(last modified Thu, 08 Dec 2022 06:02:34 GMT )
декабр 08, 2022 11:02 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев Конституция куни муносабати билан ўзбекистонликларни табриклади
    Шавкат Мирзиёев Конституция куни муносабати билан ўзбекистонликларни табриклади

Эслатиб ўтамиз ҳар йили Ўзбекистонда 8 декабрь умумхалқ байрами сифатида нишонланиб келинади

Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган санадан эътиборан дунё саҳнида янги, суверен давлат қарор топган бўлса, биринчи Конституция қабул қилиниши баробарида мустақилликнинг ҳуқуқий тамал тоши ўрнатилган.

Конституцияни ўзгартириш бўйича фуқаролар билдирган барча таклиф, фикр ва мулоҳазалар инобатга олиниши, Конституция лойиҳаси умумхалқ референдумига олиб чиқилишини таъкидлаган.

Ўзбекистон Республикаси президенти мамлакатда Конституция қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан ўзбекистонликларга байрам табриги йўллади.

Табрик матнида келтирилиишча:

Сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда кўпмиллатли бутун халқимизни мамлакатимиз ҳаётидаги улуғ тарихий сана — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллик байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида, ғоят оғир ва мураккаб бир шароитда қабул қилинган Конституциямиз берган ҳуқуқ ва имкониятлар туфайли эл-юртимизнинг фидокорона меҳнати билан ўтган даврда ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида улкан ютуқ ва натижаларни қўлга киритдик.

Ана шундай мустаҳкам ҳуқуқий асосга таяниб, кейинги йилларда мамлакатимизда кенг кўламли демократик ислоҳотлар жадал амалга оширилмоқда.

Энг муҳими, ижтимоий-сиёсий ҳаётимизнинг мазмуни, ватандошларимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши тубдан ўзгармоқда. Юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро, миллати, тили ва динидан қатъи назар, жамиятимизнинг тенг ҳуқуқли аъзоси, ўз тақдирининг чинакам эгаси, мамлакатимиздаги барча ўзгариш ва янгиланишларга ўзини нафақат дахлдор, балки бу жараёнларнинг бевосита иштирокчиси, эркин ва бунёдкор инсон сифатида ҳис этмоқда.

Биз яқинлашиб келаётган янги — 2023 йил учун улкан дастур ва режаларни тузмоқдамиз. Конституциямизда белгилаб олаётган эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш, юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва динлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, янги уй-жойлар барпо этиш, иш ўринларини кўпайтириш бўйича катта-катта вазифалар бу дастурларда ўзининг аниқ ифодасини топмоқда.

Ишончим комилки, барчамиз бир тану бир жон бўлиб, фидокорона меҳнат қилиб, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга албатта эришамиз. 

Азиз ва муҳтарам ватандошлар!

Сизларни, бутун халқимизни Конституциямизнинг қутлуғ байрами билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, хонадонларингизга файз-у барака тилайман.