Шавкат Мирзиёев ривожланаётган мамлакатларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббусларни илгари сурди
(last modified Fri, 13 Jan 2023 11:33:50 GMT )
Январ 13, 2023 16:33 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев ривожланаётган мамлакатларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббусларни илгари сурди
    Шавкат Мирзиёев ривожланаётган мамлакатларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббусларни илгари сурди

Кеча Шавкат Мирзиёев 12 Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди раислигида онлайн шаклда ўтказилган «Глобал Жануб овози» саммити ялпи мажлисида нутқ сўзлаб, ривожланаётган мамлакатларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббусларни илгари сурди.

Ҳиндистоннинг «Катта йигирматалик»ка (G20) раислиги доирасида ташкил этилган тадбирда Ветнам президенти Нгуен Суан Фук, Гаяна президенти Муҳаммад Ирфон Али, Мозамбик президенти Филипе Нюси, Сенегал президенти Маки Салл, Бангладеш бош вазири Шайх Хасина, Мўғулистон бош вазири Лувсаннамсрайн Оюун-Эрдене, Таиланд Қироллиги бош вазири Прают Чан Оча, Камбоджа Қироллиги бош вазири Хун Сен ва Папуа-Янги Гвинея Мустақил Давлати бош вазири Жеймс Марапе қатнашди.

Кун тартибига мувофиқ, инсон манфаатларига йўналтирилган барқарор ривожланиш масалалари муҳокама қилинди, ривожланаётган мамлакатларнинг манфаатларини илгари суриш ва долзарб муаммоларини ҳал қилиш мақсадида, шу жумладан, иқтисодиёт, экология, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш, инсон ресурсларини ривожлантириш, инновациялар, туризм ва бошқа йўналишлардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш юзасидан фикр ва аниқ таклифлар алмашилди.

Ўзбекистон президенти Ҳиндистоннинг G20 га раислигини қўллаб-қувватлаб, кун тартибидаги масалалар юзасидан қатор амалий таклифларни илгари сурди.

Йиғилишда мавжуд халқаро савдо тизимини «Глобал Жануб овози»ни эътиборга олган ҳолда такомиллаштириш таклиф қилинди.

Ривожланаётган давлатларнинг энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, глобал логистика ва қўшимча қиймат занжирларини яратиш, инвестиция ва энг замонавий технологияларни жалб этишда кўмаклашиш масалалари жаҳон саммити кун тартибидан ўрин олиши мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

Яна бир стратегик масала «Шимол—Жануб» халқаро йўлаги доирасида Марказий ва Жанубий Осиё ўзаро боғлиқлигини кучайтиришга қаратилган, Афғонистон орқали Ҳинд океанига чиқадиган темир йўлни қуриш лойиҳасини фаол илгари суриш. Шавкат Мирзиёев ҳамкорларни ушбу муҳим лойиҳада иштирок этишга чақирди.

Ёрлиқ