Январ 17, 2023 12:14 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев Сингапурда бу мамлакат президенти ва бош вазири билан учрашди
    Шавкат Мирзиёев Сингапурда бу мамлакат президенти ва бош вазири билан учрашди

17 январ куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга давлат ташрифи доирасида олий даражадаги тадбирлар – ушбу мамлакат президенти Ҳалима Яқуб ва бош вазири Ли Сян Лун билан музокаралар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон-Сингапур саммитидан аввал Сингапур президентининг “Истана” саройида Ўзбекистон раҳбарини расмий кутиб олиш маросими бўлди.

Шундан сўнг президентлар икки томонлама учрашув ўтказдилар.

Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги муносабатларни янада чуқурлаштириш истиқболлари, ижтимоий-сиёсий ҳаётни демократлаштириш борасидаги ислоҳотлар юзасидан фикр алмашилди.

Таълим соҳасида фаол ҳамкорлик қилинаётгани мамнуният билан қайд этилди. Тошкентда Сингапур менеджментни ривожлантириш институти ҳамда Сингапур технологиялар, менеджмент ва коммуникациялар академияси муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Икки мамлакатнинг Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёда минтақавий ҳамкорлик ва интеграцияни кенгайтириш борасидаги тажрибаси батафсил кўриб чиқилди.

Ўзбекистон ва Сингапур халқаро майдонларда минтақавий барқарорлик ва изчил тараққиёт масалаларида бир-бирини англаши ва бу борадаги ташаббусларни илгари суришда ўзаро кўмаклашаётгани қайд этилди.

Учрашув якунида ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди.

Сўнг “Истана” қароргоҳида Ўзбекистон президенти Сингапур бош вазири Ли Сян Лун билан музокара ўтказди.

Етакчилар ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини ҳар томонлама кўриб чиқдилар, устувор йўналишлардаги алоқалар жадал суръат билан ривожланиб бораётганини таъкидладилар.

Жумладан, савдо-иқтисодий соҳада сезиларли натижаларга эришилди. Кейинги йилларда товар айирбошлаш икки баробарга ошди. Ўзбекистонда Сингапур капитали иштирокидаги корхоналар сони 4 карра кўпайди. Ушбу мамлакатдан юртимиз иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми 700 миллион долларга етган.

Кўплаб соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун катта захиралар мавжудлиги қайд этилди.

Сингапур – Осиё-Тинч океани минтақасининг иқтисодий маркази. Кўп йиллардан буён ушбу мамлакат электроника, кимё саноати, биотехнологиялар, банк соҳаси, логистика ва транспорт машинасозлиги каби муҳим тармоқлардаги муваффақиятларига таяниб, жаҳондаги энг йирик ва ривожланган иқтисодиётлардан бири бўлиб келмоқда.

Шуларни ҳисобга олиб, давлатимиз раҳбари Сингапур билан яқин истиқболдаги ҳамкорликнинг бешта асосий йўналишини кўрсатиб ўтди.

Устав капитали 500 миллион доллар бўлган Ўзбекистон-Сингапур инвестиция компаниясини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.

Бундан ташқари, томонлар халқаро ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Очиқ ва дўстона муҳитда ўтган учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Ли Сянь Лунни ўзига қулай вақтда мамлакатимизга ташриф билан келишга таклиф этди.

Музокаралардан сўнг икки томонлама ҳужжатларни алмашиш маросими бўлди.

Делегациялар раҳбарлари ҳузурида икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида Ўзбекистон-Сингапур ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қаратилган 8 та ҳужжат алмашилди.

Хусусан, таълим, транспорт, соғлиқни сақлаш, кадрлар, шу жумладан давлат хизматчиларини тайёрлаш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида битимлар қабул қилинди.

Шунингдек, савдо-иқтисодий шериклик ҳамда икки мамлакат прокуратуралари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича келишувларга эришилди.

Ёрлиқ