Ўзбекистон президенти Бокуга ташриф буюриб Илҳом Алиев билан учрашди
Кеча Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Озарбойжон президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан амалий ташриф билан Боку шаҳрига борди.
Бокудаги Ҳайдар Алиев номидаги халқаро аэропортда давлатимиз раҳбарини Озарбойжон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Яқуб Аюбов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Кеча шунингдек қўшилмаслик ҳаракати саммитида қатнашиш учун Озарбойжон пойтахтига ташриф буюрган Шавкат Мирзиёев Илҳом Алиев билан учрашиб икки томонлама, минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама қилди.
Озарбайжон президенти бугун, 2 март куни мамлакат пойтахтида бўлиб ўтадиган Қўшилмаслик ҳаракати саммитини қўллаб-қувватлагани ва унда шахсан иштирок этаётгани учун Ўзбекистон президентига миннатдорлик билдирди.
Шавкат Мирзиёев, ўз навбатида, Озарбайжон ушбу тузилмага самарали раислик қилаётганини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон ва Озарбойжон республикаси президентлари олий даражада эришилган келишувлар ижросининг боришини батафсил кўриб чиқдилар. Тизимли ва самарали мулоқотлар туфайли Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклик муносабатлари сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилгани, амалий мазмун билан бойигани катта мамнуният билан қайд этилди.