март 10, 2023 13:27 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон президенти Қирғизистон бош вазирини қабул қилди
    Ўзбекистон президенти Қирғизистон бош вазирини қабул қилди

Кеча Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси – президент администрацияси раҳбари Ақилбек Жапаровни қабул қилди.

Учрашувда Ақилбек Жапаров давлат раҳбарига Садир Жапаровнинг самимий саломини етказди. 2023 йил январь ойида Бишкек шаҳрида эришилган олий даражадаги келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Ўзбекистон ва Қирғизистон кенг кўламли стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, иқтисодиёт, савдо, энергетика, транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Автомобилсозликда, пахта-тўқимачилик кластерларини ташкил этиш, электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш, фойдали қазилмалар конларини биргаликда ўзлаштириш бўйича кооперация лойиҳаларини жадал суръатда амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Мирзиёев ва Қирғизистон Бош вазири учрашувида, Қамбарота-1 ГЭСни биргаликда барпо этишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли лойиҳасини фаол тайёрлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. 2023 йилда парламентлар, ҳукуматлар, экспертлар, жамоатчилик ва ёшлар даражасида икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор қўшма тадбирларни ўтказиш мўлжаллангани таъкидланди.

Ёрлиқ