Шавкат Мирзиёев Европа Иттифоқи делегациясини қабул қилди
Шавкат Мирзиёевнинг кеча куни Европа Иттифоқи делегацияси билан бўлиб ўтган учрашувида инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш соҳасида эришилган ютуқлар ҳамда ЕИ институтлари билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича навбатдаги қадамлар кўриб чиқилди.
Европа томонидан қабулда ЕИнинг инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили Имон Гилмор ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терхи Хакала иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги юксак даражаси ва натижадорлиги катта мамнуният билан қайд этилди деб хабар қилган Уза.уз сайти.
Барча даражаларда фаол мулоқотлар давом этмоқда. Кейинги йилларда Европа томонидан тақдим этилган “GSP+” шароитлари туфайли ўзаро савдо ҳажми ва муваффақиятли инвестиция лойиҳалари сони жадал ортиб бормоқда. Бундан ташқари, маданий-гуманитар соҳада муҳим тадбирлар амалга оширилмоқда.
ЕИ вакиллари Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар стратегиясини қатъий қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади.
Инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқаролик жамиятини, гендер тенгликни ривожлантириш, мажбурий меҳнатга барҳам бериш ва бошқа йўналишларда эришилган муваффақиятлар юксак баҳоланди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича бўлажак референдумнинг аҳамияти қайд этилди.