май 24, 2023 15:37 Asia/Tashkent
  • Мирзиёев  Сингапур президенти билан музокара ўтказди

 Бугун, 24 май куни, “Кўксарой” қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Сингапур президенти Ҳалима Яқубнинг музокаралари бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида Сингапур президенти Мирзиёевга Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келиш таклифи ва Сингапур делегациясига кўрсатилаётган илиқ қабул учун самимий миннатдорлик билдирди. Бўлажак Ўзбекистон президенти сайловида катта муваффақиятлар тилади.

Ушбу олий даражадаги ташриф икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён ўтган 25 йил ичида биринчиси экани таъкидланди.

Музокараларда сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш, давлат бошқаруви соҳасида кадрлар тайёрлаш дастурларини амалга ошириш, жамоат хавфсизлиги ва маданий-гуманитар алмашинув бўйича мулоқотларни фаоллаштириш масалаларига катта эътибор қаратилди.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда улкан ютуқларга эришилаётгани алоҳида таъкидланди.

Музокараларда иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари батафсил кўриб чиқилди. Ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасидаги Ўзбекистон-Сингапур бизнес-форуми натижалари савдо, логистика, инновациялар, энергетика, соғлиқни сақлаш каби соҳаларда етакчи компанияларнинг инвестициявий шериклигини кенгайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Давлат раҳбарлари Марказий ва Жануби-шарқий Осиёда минтақавий интеграциянинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиб, халқаро майдонда, энг аввало БМТ доирасида ҳамда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш жараёнида ўзаро англашув ва қўллаб-қувватлаш даражаси юқори эканини қайд этдилар. Музокаралар ишонч, очиқлик ва дўстлик руҳида ўтди.

Ёрлиқ