июн 11, 2023 11:19 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонлик ҳарбий мерганлар Туркиядаги халқаро мусобақада рекорд натижалар қайд этди
    Ўзбекистонлик ҳарбий мерганлар Туркиядаги халқаро мусобақада рекорд натижалар қайд этди

Туркиянинг Испарта шаҳрида ўтказилган халқаро мусобақада Мудофаа вазирлигининг мерганлар жамоаси 2-ўринни қўлга киритди. Ўзбекистонлик ҳарбийлар қияликка қараб жанг олиб бориш, зарарланган ҳудудда газниқоб тақиб, нишонларни мўлжалга олиш каби шартларда рекорд натижаларни қайд этган.

Туркияда 13 давлатнинг 40 дан ортиқ жамоалари иштирокида ўтказилган «Энг илғор мерган» мусобақасида Мудофаа вазирлигининг мерганлар жамоаси иккинчи ўринни эгаллади.

Испарта шаҳридаги «Командо» тоғ ўқув машқлар марказида ўтказиган мусобақада Испания, Покистон, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари сингари ўндан ортиқ давлат вакиллари иштирок этган.

Мусобақа иштирокчилари 5 та гуруҳга бўлиниб, бир-биридан мураккаб 14 та шарт бўйича баҳс олиб борган. Хусусан, узоқ масофадан нишонларни излаб топиш ва яксон қилиш шартида мерганлар 2 минг метр масофада жойлашган шартли душман гуруҳи орасидан асосий нишонни аниқлаб топиши ва биринчи уринишда уни яксон этиши лозим бўлган. Ҳабийлар нишонни муддатидан олдин йўқ қилган.

Қайиқдан ва миноралардан ўқ отиб оролни ҳимоя қилиш, вертолёт ва ердан жанг олиб бориб, ярадорни эвакуация қилиш, ҳаракатланувчи нишонларни пистолетда яксон этиш, тунги вақтда магнит азимути бўйича ҳаракатланиш каби қатор шартлар ҳам реал жанг вазиятига яқинлаштирилган ҳолда олиб борилган.

Ўзбекистонлик ҳарбийлар, айниқса, тоғ тепасидан қияликка қараб жанг олиб бориш, зарарланган ҳудудда газниқоб тақиб, нишонларни мўлжалга олиш шартларида барча жамоаларни ортда қолдириб, рекорд натижаларни қайд этган.

Ёрлиқ