Деҳли аэропортида 16,5 кг олтинни олиб ўтаётган икки Ўзбекистон фуқароси ушланди
Ҳиндистоннинг Индира Ганди халқаро аэропортида қиймати 125 минг доллардан зиёд бўлган 16,5 кг олтинни олиб ўтаётган икки нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Дастлабки тинтув пайтида ходимларни чалғитиш мақсадида олтин солинган сумка конвейер ёнига ташлаб кетилгани сабабли улардан ҳеч нарса топилмаган.
Божхона ходимларининг таъкидлашича, ҳар иккала айбланувчи ҳам Марказий Осиё давлатларидан биридан бораётган шахслар Деҳлига катта миқдорда олтин олиб кетаётганини кўрсатувчи махсус маълумотлар асосида қўлга олинган. Натижада аэропорт божхоначилари келаётган йўловчиларга нисбатан ҳушёрликни оширган.
«У кузатув остида эди ва яшил йўлакни кесиб ўтмоқчи бўлганида тўхатилди. Сўнг юки ҳам текширилди, аммо ҳеч нарса топилмади», — деди расмий.
Кейинроқ расмийлар унинг қўлга тушишдан қўрқиб, юкини божхона залига ташлаб кетганини аниқлади. «Ушбу сумкани сканерлашда олтин буюмлар борлигини кўрсатувчи тасвирлар кўринди. Ундан тахминан 16,5 кг олтин топилди», — дейилади хабарда. Олтин нархи 10 39 50 000 рупийга баҳоланган (125 минг доллардан зиёд).
Шундан сўнг расмийлар сумкани ташлаб кетган шахсни аниқлаш учун зудлик билан видеокузатув камераси тасвирларини кўздан кечирган, унда сумкани ташлаб кетаётган аёл кўринган.
«Қочаётган йўловчининг шахси аниқланиб, видеокузатув камераларидаги тасвирлардаги ўхшашлик асосида ушланди. У сумкани ташлаб кетганини тан олди. Унинг маълумотларига кўра, асосий гумондор бўлган биринчи айбланувчи ҳам қўлга олинди», — дея қайд этилган хабарда. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.