июн 20, 2023 10:23 Asia/Tashkent
  • Россия Ўзбекистонга йилига 2,8 миллиард куб метр газ етказиб беради
    Россия Ўзбекистонга йилига 2,8 миллиард куб метр газ етказиб беради

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги «Газпром» билан газ келишуви тафсилотларини эълон қилди. Ҳужжат икки йилга тузилган, етказиб бериш ҳажми кунига 9 миллион куб метрни, йиллик ҳажм деярли 2,8 миллиард куб метрни ташкил этади.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Россия газини мамлакатга етказиб бериш бўйича 16 июнь куни Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида имзоланган келишувнинг айрим тафсилотларини эълон қилди. Келишувга қўшимча равишда Ўзбекистон газ узатиш тизимини Россия қувури газини қабул қилиш ва ташишга тайёрлаш бўйича йўл харитаси имзоланган.

Энергетика вазирлиги хабарида айтилишича, газни сотиб олиш ва сотиш бўйича шартнома UzGasTrade ва «Газпром Экспорт» компаниялари ўртасида икки йил муддатга тузилган. Уни Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов ва «Газпром» бошқаруви раиси Алексей Миллер ишончнома асосида имзолаган.

Келишув доирасида 1 октябрдан кунига 9 миллион куб метр газ етказиб бериш бошланиши кутилмоқда. Шундай қилиб, йиллик ҳажм қарийб 2,8 миллиард куб метрни ташкил этади, деб қайд этган Энергетика вазирлиги.

Табиий газнинг нархи вилоятдаги бозор нархлари, республикадаги жорий нархлар, шунингдек, бозор шароитларидан келиб чиқиб нархларни шакллантириш бўйича режалаштирилган ислоҳотлардан келиб чиқиб келишилган.

Ёрлиқ