июн 26, 2023 19:56 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонга Хитойдан товарларни Эроннинг Бандар-Аббос порти орқали ташиш бошланди
    Ўзбекистонга Хитойдан товарларни Эроннинг Бандар-Аббос порти орқали ташиш бошланди

Ўзбекистонга Хитойнинг Сиямен портидан Эроннинг Бандар-Аббос порти орқали товарлар етказиб бериш бошланди. Биринчи контейнер поездида мамлакатга маиший техника олиб келинди. Контейнерлар Эрон портида темирйўл платформаларига ортилиб, Туркманистон орқали Ўзбекистонга кириб келди.

Эрон телерадиокомпаниясининг ўзбек тилидаги сайтининг хабар қилишича, Хитойнинг Сиямен портидан Сергели станциясига Эрон орқали биринчи контейнер поезди ҳаракати йўлга қўйилган. Таркибида маиший техника юклари, яъни музлаткич, кир ювиш машинаси, газ плиталари бўлган контейнерлар Хитойдан денгиз орқали Бандар-Аббос портига олиб келинган ҳамда темирйўл платформаларига ортилган ҳолда Туркманистон орқали Ўзбекистонга кириб келган.

39 та 40 футлик контейнердан ташкил топган блок поезди Бандар-Аббос портидан Сергели станциясигача етиб келиши учун 14 кун керак бўлиши қайд этилган. Ҳозирда контейнер поезди Ўзбекистон ҳудудига ўтган бўлиб, 25 июнь куни Тошкент шаҳрига етиб келиши режалаштирилган.

Аввалроқ Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов 18 июнь куни Эрон йўллар ва шаҳарсозлик вазири Меҳрдод Базпош билан учрашувида Эрон-Ўзбекистон логистика марказини ташкил этиш, шунингдек, Эроннинг Чобаҳор ва Бандар-Аббос портларида ўзбекистонлик тадбиркорлар иштирокида терминал ва омборлар қуриш бўйича келишувга эришганди.

Ёрлиқ