июн 29, 2023 10:57 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон президенти бир қатор ислом мамлакатлари раҳбарлари билан телефон орқали суҳбатлашди
    Ўзбекистон президенти бир қатор ислом мамлакатлари раҳбарлари билан телефон орқали суҳбатлашди

Мирзиёев Қатар амири, Туркия, Миср президентлари ва Туркманистон Халқ маслаҳати раиси билан телефон орқали суҳбатлашди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар ва қабул қилинган битимлар ижросини жадаллаштиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон президенти Қатар амири билан телефон орқали суҳбатлашди. Телефон мулоқоти аввалида давлат раҳбарлари Қурбон ҳайити – Ийд ал-Адҳо билан бир-бирини дилдан қутлаб, икки мамлакат халқларига тинчлик-осойишталик, равнақ ва барқарор тараққиёт тиладилар.

Самарқандда ўтган олий даражадаги учрашув икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиққани ва аниқ мазмун билан бойитгани ҳақида якдил фикр билдирилди.

Етакчилар савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникациявий ва маданий-гуманитар соҳаларда қабул қилинган қўшма қарорлар ижросининг боришини кўриб чиқдилар. “Яшил” энергетика, молия, инфратузилма, транспорт ва логистика, қурилиш ва бошқа тармоқлардаги лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.

Халқаро ва минтақавий кун тартибининг энг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Шунингдек Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.

Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари Қурбон ҳайити билан бир-бирини дилдан табриклади. Ўзбекистон президенти янги Арқадағ шаҳри расман очилгани муносабати билан ҳам Гурбангули Бердимуҳамедовни қутлади.

Кун сайтига кўра, кеча Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. 

Томонлар бир-бирини ва қардош халқларимизни муборак Қурбон ҳайити билан қутлаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилакларини изҳор этди.

Кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон ва Миср етакчилари эришилган келишувларнинг ижросини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси 28 июнь куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда бутун мусулмон уммати учун муқаддас Қурбон ҳайити билан бир-бирини қутлади. Ўзбекистон ва Мисрнинг дўст халқларига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаклари билдирилди.

Ёрлиқ