Тошкентдаги ШҲТ МАТТда Эрон байроғи кўтарилди
(last modified Wed, 05 Jul 2023 07:04:09 GMT )
июл 05, 2023 12:04 Asia/Tashkent
  • Тошкентдаги ШҲТ МАТТда Эрон байроғи кўтарилди
    Тошкентдаги ШҲТ МАТТда Эрон байроғи кўтарилди

4 июль куни Эрон ШҲТнинг тўлақонли аъзосига айланди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ) ижроия қўмитасининг Тошкентдаги қароргоҳида ташкилотнинг янги аъзоси – Эрон Ислом Республикасининг байроғини кўтариш маросими бўлиб ўтди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва давлат хавфсизлик хизмати вакиллари, ташкилотга аъзо, кузатувчи ва мулоқот бўйича ҳамкор давлатлар элчилари, ШҲТ МАТТ ҳузуридаги доимий вакиллар, ОАВ вакиллари иштирок этишди.

“Биз ҳозиргина ШҲТга аъзо давлатлар етакчилари томонидан Эрон Ислом Республикасининг ташкилотнинг тўлақонли аъзоси сифатида қабул қилиш ҳақида тарихий қарор қабул қилишганининг гувоҳи бўлдик. Энди ШҲТнинг зангори ва мовий байроғи атрофида “Шанхай руҳи” билан бирлашган тўққизта давлат байроғи ҳилпираб туради. ШҲТга аъзо мамлакатларни бирлашиш ва ўзаро ишонч эзгу анъанасини давом эттириш ва ривожлантириш, биргаликда ташкилотнинг халқаро ва минтақавий ишлардаги ролини мустаҳкамлашга чақираман”, - деди маросим чоғида ШҲТ МАТТ ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усмонов ўз нутқида ШҲТнинг янги аъзоси байроғини кўтариш барчага ташкилот мамлакатлари ғайрат билан унинг тараққиётининг янги босқичи сари бораётганини кўрсатишга қаратилганини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, бугун Ҳиндистон раислигида ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг йигирма учинчи саммити онлайн тарзда бўлиб ўтди. Тадбир якунида Эронни ШҲТ аъзолигига қабул қилиш тартиботини якунлаш ва унга ШҲТга аъзо давлат мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.