Ўзбек-туркман чегараси ҳудудида савдо маркази қурилади
Савдо марказини 2025 йил июль ойида фойдаланишга тўлиқ тайёр ҳолда топшириш кўзда тутилган.
Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига ўзбек-туркман чегараси ҳудудида савдо марказини лойиҳалаш ва қуриш бўйича шартнома тузишга рухсат берувчи фармонни имзолади.
Шартнома, шунингдек, ҳудудни ободонлаштириш ва алоқа, электр ва сув таъминоти учун ташқи муҳандислик тизимларини ётқизишни ўз ичига олади.
Мазкур объект Туркманистоннинг қўшни давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида, шунингдек, Туркманистон ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасида 2021 йил 5 октябрда имзоланган Туркманистон-Ўзбекистон чегарасидаги савдо зонаси – савдо марказини ташкил этиш ва тартибга солиш тўғрисидаги битимга мувофиқ қурилади.
Ҳужжатда қурилиш ишларини 2023 йил июль ойида бошлаш ва савдо марказини 2025 йил июль ойида фойдаланишга тўлиқ тайёр ҳолда топшириш кўзда тутилган.
Савдо маркази Туркманистоннинг Дошўғиз вилояти ва Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятига (Шовот тумани) туташ ҳудудда қурилиши режалаштирилган.