Ўзбекистон мудофаа вазири Қозоғистонга борди
Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов бошчилигидаги ҳарбий делегация Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрига борди.
Ақтау халқаро аэропортида меҳмонларни Қозоғистон мудофаа вазири генерал-полковник Руслан Жақсилиқов фахрий қорвул ҳамроҳлигида кутиб олди. Ҳарбий оркестр томонидан икки давлат мадҳияси ижро этилди.
Таъкидланишича, ўзаро суҳбат давомида икки давлат мудофаа вазирлари қардош халқларнинг ҳамкорликда эришилаётган ютуқларига тўхталиб ўтишди.
Шунингдек, томонлар жанговар тайёргарлик, ҳарбий таълим ва ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси соҳасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди.
Шундан сўнг мудофаа вазирлари Ўзбекистон—Қозоғистон Мудофаа вазирликларининг Ақтау гарнизонида жойлашган "Оймаша" полигонида ҳамкорликда ўтказаётган махсус-тактик ўқувни кузатишга йўл олди.