Тошкентда Шавкат Мирзиёев ва Жанубий Корея бош вазири ўринбосарининг учрашуви бўлиб ўтди
Ўзбекистон президенти Корея Республикаси бош вазирининг ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Чху Гён Хо бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Мирзиёев ва Чху Гён Хо учрашувида, Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
“Муваффақиятли амалга оширилган қўшма лойиҳалар қаторида кўп тармоқли болалар шифохонаси, тўқимачилик технопарки, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ва нодир металлар бўйича марказлар қайд этилди”, - дейилади Спутник хабарда.
Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари билан технологик ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни жадаллаштириш, инфатузилма, “яшил” энергетика, давлат бошқаруви, молия, рақамлаштириш ва кадрлар тайёрлаш борасидаги қўшма лойиҳаларни илгари суриш амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида кўрсатиб ўтилди.
Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳудудлари ўртасида самарали мулоқотларни йўлга қўйиш ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш учун кенг имкониятлар борлиги таъкидланди.
Кейинги йилларда ўзаро савдо ва инвестиция кўрсаткичлари барқарор ошиб бормоқда. Ўтган йилда товар айирбошлаш 24 фоизга кўпайди. Мамлакатда қарийб мингта қўшма корхона фаолият юритмоқда, Кореядан инвестициялар ҳажми 7 миллиард доллардан ошди.
Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги, Корея Эксимбанки ва унинг фондлари билан кўп йиллар давомида самарали ҳамкорлик қилинаётгани, улар билан биргаликдаги лойиҳаларнинг умумий портфели 3 миллиард доллардан зиёдни ташкил этгани юқори баҳоланди.