Ўзбекистон президенти Қўштепа канали қурилишидан хавотир билдирди
(last modified Sat, 16 Sep 2023 07:29:33 GMT )
сентябр 16, 2023 12:29 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон президенти Қўштепа канали қурилишидан хавотир билдирди
    Ўзбекистон президенти Қўштепа канали қурилишидан хавотир билдирди

Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан 15 сентябр куни Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида қатнашди.

Шавкат Мирзиёев бу йиғиишда “Қўштепа канали қурилиши бўйича ҳам ўз фикримни билдириб ўтмоқчиман.Моҳият-эътиборига кўра, минтақамизда сувдан фойдаланиш жараёнида бизнинг мамлакатларимиз билан ҳеч қандай мажбурият асосида боғланмаган янги иштирокчи пайдо бўлди. Афғон томони канални қуриш бўйича фаол иш олиб бораётганини яхши биласиз. Унинг ишга туширилиши Марказий Осиёдаги сувдан фойдаланиш тартиби ва мувозанатини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин.

Қўштепа каналининг қурилиши ва унинг Амударё сувидан фойдаланиш тартибига таъсири билан боғлиқ барча жиҳатларни мамлакатларимиздаги тадқиқот институтларини жалб этган ҳолда ўрганиш бўйича Қўшма ишчи гуруҳини шакллантириш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Афғонистон вакилларини сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этамиз”, деб таъкидлади.

2023 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон сув вазири Қўштепа канали орқали Афғонистон Амударёдан қанча сув олиши мумкинлигини маълум қилганди. Афғонистон Қўштепа канали орқали 600 минг гектар ерни суғормоқчи экани ҳақидаги гаплар эса асоссиз. Вазир Шавкат Хамраевнинг айтишича, «Толибон» тахминан 300 минг гектарни суғормоқчи, бунга 4−5 млрд куб метр сув етади. Ўзбекистон мана шу миқдор сақланиб қолишига интилади.

Қўштепа канали суғориш канали Афғонистон шимолидаги энг йирик сув ўтказувчи лойиҳа бўлиб, Амударёдан 10 миллиард куб метр сув ўтказиш имкониятига эгадир.