Ўзбекистон президенти АҚШга етиб борди
Аэропортда олий мартабали меҳмонни Ню-Йорк шаҳри мэри Эрик Адамс, АҚШ-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессияси тадбирларида иштирок этиш учун Ню-Йорк шаҳрига етиб борди.
Ташриф дастурига мувофиқ, 19 сентябр куни Ўзбекистон раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ялпи сессиясининг умумий мунозараларида нутқ сўзлайди ҳамда минтақавий ва глобал кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтайи назарини баён қилади.
Йилнинг бош халқаро сиёсий тадбири доирасида Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари етакчилари саммити, хорижий давлатлар, нуфузли халқаро ташкилотлар ва АҚШнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан қатор икки томонлама учрашувлар ҳам бўлиб ўтади.