Мирзиёев Еврокенгаш раҳбари билан ҳамкорликни ривожлантириш масаласини муҳокама қилди
(last modified Tue, 19 Sep 2023 04:49:26 GMT )
сентябр 19, 2023 09:49 Asia/Tashkent
  • Мирзиёев Еврокенгаш раҳбари билан ҳамкорликни ривожлантириш масаласини муҳокама қилди
    Мирзиёев Еврокенгаш раҳбари билан ҳамкорликни ривожлантириш масаласини муҳокама қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ню-Йорк шаҳрига ташрифи доирасида 18 сентябр куни ўзига ажратилган қароргоҳда Европа кенгаши раиси Шарл Мишелни қабул қилди.

Учрашув чоғида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тез фурсатда қабул қилиш, ўзаро савдо ва инвестицияларни кўпайтириш учун қулай шароитлар яратиш, иқтисодиётнинг асосий тармоқларида кооперацияни, шу жумладан узоқ муддатли икки томонлама ҳужжатларни қабул қилиш орқали чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Еврокенгаш раҳбари Шарл Мишел Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни илгари суриш, ишонч, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлашда Ўзбекистон раҳбари етакчи рол ўйнаётганини қайд этди.

Самарали халқаро транспорт йўлакларини, хусусан, Транскаспий мултимодал маршрутини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Афғонистонда юзага келаётган вазият, шу жумладан афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Шавкат Мирзиёев АҚШ бизнесининг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш режаларини муҳокама қилди

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев кеча  Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм билан учрашди ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича “йўл харита”ларини қабул қилишга келишиб олди.

Тадбирда GE HealthCare, Oppenheimer, Cerberus, CNH ва Cintana корпорациялари раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Ўзбекистон етакчиси учрашув иштирокчиларини Америка-Ўзбекистон савдо палатаси ташкил этилганининг 30 йиллиги билан табриклаб, ушбу тузилма икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Учрашув якунида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича “йўл харита”ларини қабул қилишга келишиб олинди.