Германия ўзбекистонлик ноқонуний муҳожирларни мамлакатдан чиқариб юбормоқчи
Мумкин бўлган келишувларнинг мақсади Германиядан бошпана сўраб мурожаат қилган, аммо рад этилган фуқароларни ушбу мамлакатларга қайтариш жараёнини соддалаштиришдир.
Германия ҳукумати олти давлат, жумладан Ўзбекистон билан ноқонуний муҳожирларни ўз ҳудудига қайтариш юзасидан миграция келишувига оид музокаралар олиб бормоқда.
Бу ҳақда Германия Ички ишлар вазирлиги хабар берди:“Ҳозирча биз Грузия, Молдова, Кения, Қирғизистон, Колумбия ва Ўзбекистонни номлашимиз мумкин”.
2023 йилнинг биринчи ярмида Грузия ва Молдовадан Германияга 10 мингга яқин бошпана изловчилар келган.
Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер “Corriere della Sera” газетасига аввалроқ айтганидек, Германия қочқинларни қабул қилиш имкониятларини амалда тугатди. Давлат раҳбари, шунингдек, йилнинг биринчи олти ойида Германияда бошпана сўраб 162 минг сўров тушганини билдирди, бу “Европа Иттифоқидаги умумий рақамнинг учдан бир қисми”.
Август ойида “Bild” газетаси 2023 йилнинг биринчи етти ойида Германияга рухсатсиз киришлар сони 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 51 фоизга ошиб, 43 815 нафарга етганини маълум қилган эди. Унинг маълумотларига кўра, чегарада вазият айниқса оғир. Польша билан, полиция ходимлари 14303 та ноқонуний чегарани кесиб ўтишни қайд этган, бу 2022 йилга нисбатан 143,7% га кўпдир. Швейцариядан рухсатсиз киришлар сони 201,8 фоизга ошган.