Мирзиёев Бишкекдаги МДҲ саммитида иштирок этди
(last modified Fri, 13 Oct 2023 12:40:26 GMT )
октябр 13, 2023 17:40 Asia/Tashkent
  • Мирзиёев Бишкекдаги МДҲ саммитида иштирок этди
    Мирзиёев Бишкекдаги МДҲ саммитида иштирок этди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бишкекдаги Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди.

Кун тартибига мувофиқ, МДҲ доирасидаги кўп қиррали муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Ҳамдўстлик доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.

Ўзбекистон президенти мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлашда мавжуд механизмларни самарали ишга солишга чақирди ва уни рағбатлантиришнинг янги воситаларини таклиф қилди.

Мирзиёев ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш ва лойиҳаларни илгари суриш бўйича қўшимча чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ҳамда МДҲ мамлакатларининг Саноат кооперацияси ва инновацион ишланмалари форумини ўтказиш ташаббусини илгари сурди.

Ўзбекистон етакчиси ҳудудлараро ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича “йўл харитаси”ни тайёрлаш ташаббуси билан чиқди, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни кучайтириш, йўловчи ва юк ташишни кўпайтириш юзасидан аниқ чора-тадбирларни кўрсатиб ўтди.

Глобал иқлим исиши оқибатларига қарши курашишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги қайд этилди. Келгуси йилда Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган БМТ шафелигидаги Халқаро иқлим форуми доирасида МДҲ маконидаги экологик хавф-хатарларга бағишланган махсус ялпи сессияни ташкил этишга тайёрлик билдирилди.

Шунингдек, келгуси йилда МДҲнинг ёшлар пойтахти мақомини олган Тошкент шаҳрида бир қатор ёшларга оид тадбирлар, шу жумладан футбол мусобақаси бўлиб ўтади.

Мирзиёев ўз сўзида таълим соҳасида ва сайёҳлик алмашинувини ривожлантириш борасида ҳам муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Саммит Қирғизистон президенти Садир Жапаров раислигида ўтди. Саммит ишида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Россия президенти Владимир Путин, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва МДҲ бош котиби Сергей Лебедев ҳам қатнашди.