октябр 18, 2023 18:04 Asia/Tashkent
  • Мирзиёев “Бир макон, бир йўл” халқаро форумининг очилиш маросимида нутқ сўзлади
    Мирзиёев “Бир макон, бир йўл” халқаро форумининг очилиш маросимида нутқ сўзлади

Ўзбекистон етакчиси Хитой ҳамда “Макон ва йўл” ташаббусининг бошқа иштирокчилари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича фикрлари билан ўртоқлашди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 18 октябрь куни Пекин шаҳрида “Бир макон, бир йўл” халқаро форумининг очилиш маросимида ҳамда “Инсон ва табиат уйғунлиги йўлида “Яшил ипак йўлини” биргаликда барпо этиш” мавзусидаги ялпи йиғилишида иштирок этди.

Хитой вице-президенти Хань Чжэн модераторлигида ўтган саммит ишида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, давлат ва ҳукуматлар етакчилари, молиявий институтлар раҳбарлари ҳам қатнашди.

Ўзбекистон президенти “Яшил ипак йўли” ташаббуси моҳият эътибори билан умумий “яшил” келажак кун тартибини шакллантиришини таъкидлади. Таъкидланишича, ХХР Раиси Си Цзиньпин томонидан илк бор 2016 йилда айнан Ўзбекистонда илгари сурилган ушбу ташаббусни Ўзбекистон ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

Аномал об-ҳаво шароитлари, тез-тез юз бераётган қурғоқчилик ва чанг бўронлари, ерларнинг шиддат билан деградацияга учраши ва чўлланиши, биохилма-хилликнинг йўқолиши кўринишида намоён бўлаётган мураккаб экологик вазиятга тўхталиб, Мирзиёев Марказий Осиё жаҳондаги иқлим ўзгариши оқибатларидан энг кўп зарар кўраётган минтақалардан бири эканини қайд этди.

“Марказий Осиёнинг “яшил” кун тартиби” ва “Яшил ипак йўли” концептуал ташаббусларини ўзаро боғлаш доирасида иқтисодиёт тармоқларини “яшил” тараққиёт талаблари асосида трансформация қилиш ва рақамлаштириш, транспорт ва энергетика тармоқларида барқарор инфратузилмани яратиш, “яшил” саноат қувватларини ишга тушириш, камбағалликни қисқартириш ва “ақлли” қишлоқ хўжалигини ривожлантириш чоралари ва лойиҳаларини ўз ичига олган “Яшил” тараққиёт дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Хитойнинг етакчи компаниялари билан биргаликда ва бошқа хорижий ҳамкорларни жалб этган ҳолда, “яшил технологиялар”ни кенг жорий қилиш асосида саноат соҳасида ва муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган дастурларни амалга ошириш учун Оролбўйи минтақасида Махсус намунали технологик паркни ташкил этишга тайёрлик билдирилди.

Ўзбекистон президенти Оролбўйи халқаро инновациялар маркази негизида “яшил” билим ва ечимларни трансфер қилиш бўйича илмий-ахборот платформасини ишга тушириш ташаббусини илгари сурди.

Бундан ташқари, президент табиий ресурслар ва атроф-муҳитга нисбатан эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш масаласига тўхталди.

Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида таниқли жамоат арбоблари, фан, бизнес ва маданият намояндалари иштирокида этно-экологик фестиваллар, форумлар, тақдимотлар ва бошқа тадбирлар ўтказишни назарда тутувчи “яшил” маданиятни ривожлантириш бўйича Глобал дастурни ишга туширишни таклиф қилди.

Ёрлиқ