Тошкентда биринчи хонимлар иштирокида экофорум ўтказилди
Кеча, 9 ноябрь куни Тошкентда “Болалар ва ёшлар ҳаракатда — Марказий Осиёда иқлим ўзгариши” халқаро форуми бўлиб ўтди.
Эрон телерадиокомпаниясининг ўзбек тилидаги сайтининг хабар қилишича, тадбирда Туркиянинг биринчи хоними Эмине Эрдоған, Эрон президентининг рафиқаси Жамиле Аъламулхудо, Қирғиз Республикасининг биринчи хоними Айгул Жапарова, Ўзбекистон ҳукумати, ЮНИСЕФ вакиллари, БМТ агентликлари, Марказий Осиё мамлакатларининг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, миллий институтлар, фуқаролик жамияти ва Марказий Осиё мамлакатларининг ёш экофаоллари иштирок этди.
“Форумнинг бош иштирокчилари — сизлар. Бугун бу ерда сизларнинг тоза, соғлом ва барқарор муҳит учун курашдаги етакчилигингизни эътироф этиш мақсадида йиғилдик. Қўшниларимиз билан биргаликда Самарқанд экологик оромгоҳи якунлари бўйича ишлаб чиқилган Барқарор ривожланиш маданиятини илгари суриш ҳамда ёшлар ва болаларни иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича минтақавий стратегиянинг имзоланиши янги келажак сари ташланган муҳим қадам бўлади”, - деди форум очилишида “Замин” фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева ёш экофаолларга.
Форумда узлуксиз “яшил” таълим ва экологик маданиятни шакллантириш орқали ёшлар салоҳиятини мустаҳкамлаш масаласи ЮНEП ижрочи директори Ингер Андерсен сўзининг муҳим мавзуси бўлди.
“Экологик таълим улкан аҳамиятга эга. У келажак авлодларга шунчаки норозилик вакиллари бўлиш эмас, балки ўзгаришларнинг драйверига айланиш учун зарур кўникма ва билимларни беради. Ниятимиз — кейинги авлодлар сайёра билан уйғун ҳаёт кечиришнинг янги ва яхшироқ усулларини орзу қиладиган дадил ҳукумат етакчилари, олим ва новаторлар бўлсин”, - деди у.
ЮНИСEФнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Регина Де Доминициснинг сўзларига кўра, иқлим ўзгариши ва экологик таълим масалаларининг мактаб дастурларига киритилиши болалар ва ёшларнинг ўзгариб бораётган иқлимга мослашиш кўникмаларидан хабардорлигини оширишда муҳим қадамдир.
Форум иштирокчилари экотаълим мавзусини муҳокама қилиб, ўқув жараёнида янги ахборот технологияларидан фойдаланиш муҳим эканини қайд этди. Марказий Осиё экофаоллари иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича сиёсат ва дастурларни ишлаб чиқишда, кўрилаётган чораларни мониторинг қилиш ва уларнинг боришини баҳолашда болаларнинг ҳам иштирок этиш ҳуқуқи борлигини алоҳида таъкидладилар.