ноябр 17, 2023 17:39 Asia/Tashkent
  • Азиз Абдуҳакимов ИҲТ Бош котиби ўринбосари Ҳусайн Авни Бичакли билан мулоқот қилди
    Азиз Абдуҳакимов ИҲТ Бош котиби ўринбосари Ҳусайн Авни Бичакли билан мулоқот қилди

БМТ Конвенцияси (CRISC-21) ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси доирасида Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котиби ўринбосари Ҳусайн Авни Бичакли билан учрашди

Нуз.уз сайтининг хабар қилишича, учрашув бошида Ҳ.Бичакли Ўзбекистон ҳукуматига жорий йилнинг 8-9 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммити муваффақиятли ўтказилгани учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, у охирги 5 йил ичида Ўзбекистоннинг фаол ролини алоҳида қайд этди.

Учрашув давомида илмий-тадқиқот фаолияти соҳасидаги ҳамкорлик масалалари, хусусан, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) негизида ИҲТ давлатларининг экология соҳасидаги илмий ҳамжамиятлари ўртасида яқин алоқаларни ўрнатиш масалаларига эътибор қаратилди. 

Шу билан бирга, томонлар “Green University” ва ИҲТ давлатларининг Боку шаҳридаги (Озарбайжон) Тоза энергия маркази билан ҳамкорликда Марказий Осиё минтақасида барқарор энергия ва атроф-муҳит тамойилларини амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилдилар. 

ИҲТ Бош котиби ўринбосари Ўзбекистон билан ИҲТ мамлакатлари ўртасидаги барча соҳалардаги ҳамкорлик ривожланиб бораётганлигини қайд этди. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига қарши кураш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда ИҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги ҳақидаги ташаббуси ҳамда 2024 йилда бўлиб ўтадиган Самарқанд иқлим форуми доирасида Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган ИҲТнинг Атроф-муҳит масалалари бўйича юқори даражали платформасининг биринчи конференцияни ўтказиш таклифи маъқулланди. 

 Ҳусайн Авни Бичакли ташкилот Ўзбекистон раҳбари томонидан ИҲТ 16-саммитида илгари сурилган CRIC-21 доирасида қум ва чанг бўронларига қарши курашиш бўйича Самарқанд декларациясини ишлаб чиқиш ташаббусини қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини таъкидлади. 

Ёрлиқ