Ўзбекистон ва БАА ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги англашув меморандуми имзолади
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати ўртасида ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олиш ва алмашиш тўғрисида”ги Англашув меморандуми имзоланди.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига таяниб Спутник сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олишга келишиб олди.
Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Абу-Даби шаҳрида БАА Бош вазири ўринбосари — Ички ишлар вазири Шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашди.
“Ташриф доирасида “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати ўртасида ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олиш ва алмашиш тўғрисида”ги Англашув меморандуми икки давлат ички ишлар вазирлари томонидан имзоланди”, — дейилади хабарда.
Мазкур меморандумнинг кучга кириши билан ҳар икки давлат фуқаролари ўзларининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари билан иккинчи томон давлатининг ҳудудига ташриф буюрган даврда транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлишади. Узоқ муддатга яшаш учун келганлар бундан мустасно.
БАА резиденти бўлган (узоқ муддат яшаш ҳуқуқини олганлар) миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга Ўзбекистон фуқаролари эса Амирликлар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш вақтида тегишли назарий ва амалий синовларни топширишдан озод қилиниши кўзда тутилган.
“Ҳужжат 2024 йилнинг 27 январь кунидан кучга кириши белгиланган”, — дея қўшимча қилинган хабарда.