Кучли шамол оқибатида 130 минг ўзбекистонлик электрсиз қолди
Ўзбекистоннинг Самарқанд ва Жиззах вилоятларида юз берган кучли шамол оқибатида 130 мингдан ортиқ истеъмолчи электрсиз қолди
7 февраль тонгида Самарқанд ва Жиззах вилоятларида юз берган кучли шамол баъзи бир электр қурилмаларида носозликларга сабаб бўлди.
Ўзбекистон Энергетика вазирлигига таяниб, Газета сайтининг хабар қилишича, табиий офат сабабли Самарқанд вилоятида 457 МВт (114 минг 250 та истеъмолчи), Жиззах вилоятида эса 64 МВт (16 мингта истеъмолчи) қувват билан электр таъминотида вақтинчалик қисқа муддатли узилишлар бўлди.
Хабарга кўра, Ҳозирги вақтда махсус бригадалар томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Носозликлар қисқа вақт ичида босқичма-босқич бартараф қилиниб, истеъмолчиларнинг электр таъминоти қайта тикланади.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Қарши туманида ҳам шамол Насаф кўчасидаги тунги безак учун ўрнатилган қурилмани ерга қулатиб юборганди. Шунингдек, чўл ҳудудларига туташ Ғузор туманида ҳам чанг тўзонлари акс этган видео тарқалди.