апрел 03, 2024 13:14 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёевга меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар тақдимот қилинди
    Шавкат Мирзиёевга меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар тақдимот қилинди

Ўзбекистон президентига миграцияни тартибга солиш ва меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар тақдимот қилинди

Ўзбекистонда меҳнат миграцияси тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Спутник сайтининг хабар қилишича, мазкур таклифлар асосида, Бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги давлат муассасаси шаклида бошқарув органига айланади. Агентлик директори бир вақтнинг ўзида Бандлик вазири ўринбосари бўлади. У меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш жамғармасини ҳам бошқаради.

 Британия, Германия, Польша, Венгрия, Япониядаги элчихона ва консулликларда меҳнат миграцияси бўйича атташе, Саудия Арабистонида агентлик вакили лавозими жорий қилинади. Хориждаги Ўзбекистон фуқаролари масалаларини тезкорлик билан ҳал қилиш учун элчихоналар ва тегишли вазирликларда 24 соат ишлайдиган “колл-марказлар” ташкил этилади.

“Хорижга иш – маҳалладан” тамойили йўлга қўйилади. Бунда, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси хорижда ишлаш истагида бўлган фуқарони аниқлаб, “Онлайн маҳалла” платформасига киритади. Номзодлар хориждаги иш берувчилар танловларига жалб қилинади.

Касбий малакаси йўқ ва тилни билмайдиган фуқароларни касбга ўқитиш ва профтаълим муассасаларида мақсадли тайёрлаш йўлга қўйилади. Бунинг учун Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳузурида фуқароларни хорижий тилларга ўргатиш ва ишлашга мақсадли тайёрлаш маркази очилади.

Хорижда ишлаш истагида бўлганлар муайян харажатларга ҳам дуч келади. Шу боис энди мигрантларнинг ишчи виза, йўл чиптаси, хорижий тил ва касб бўйича малакани баҳолатиш харажатлари қисман қопланади. Чет тили бўйича халқаро ёки унга тенглаштирилган сертификат олган фуқарога тил ўрганиш учун сарфлаган харажатининг 50 фоизи қоплаб берилади.

Мирзиёевга миграцияни тартибга солиш ва меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар тақдимот қилинди

 

Меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳам муҳим масала. Шу боис, Сайхунобод тажрибаси асосида уларга томорқада маҳсулот етиштириб, даромад олиши учун молиявий кўмак берилади ҳамда бошқа турдаги бандлик хизматлари кўрсатилади. “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастурига мувофиқ имтиёзли кредитлар ажратилади. Тиббий муассасалар миграциядан қайтган шахслар ва уларнинг оила аъзоларини бепул тиббий кўрикдан ўтказади. “Инсон” марказлари томонидан ота-онаси хорижда меҳнат қилаётган болаларга ижтимоий ёрдам кўрсатилади.

Меҳнат миграциясидан қайтганларни ишга олган корхонага ҳар бир ходим учун бир йил давомида Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан ойига 500 минг сўм субсидия берилади. Ушбу тадбирларга бу йил учун барча манбадан 100 миллиард сўм ажратилади.

Ёрлиқ