Ўзбекистон биринчи марта БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши аъзолигига сайланди
(last modified Sun, 09 Jun 2024 07:55:53 GMT )
июн 09, 2024 12:55 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон биринчи марта БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши аъзолигига сайланди
    Ўзбекистон биринчи марта БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши аъзолигига сайланди

БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида 2025−2027 йиллар учун ташкилотнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши (ECOSOC) аъзоларига сайлов бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистон илк марта кенгаш аъзолигига сайланди.

Газета сайтининг хабар қилишича, яширин овоз бериш натижаларига кўра, Ўзбекистон БМТга аъзо давлатларнинг 185 та овозини олди. Мамлакат 2025 йил 1 январдан Осиё-Тинч океани гуруҳидан бўшатилган тўртта ўриндан бирини эгаллайди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур кенгаш БМТнинг асосий органи бўлиб, ташкилотнинг иқтисодий ва ижтимоий фаолиятини мувофиқлаштиришга масъулдир.

Мазкур тузилма БМТ тизимида барқарор ривожланишнинг барча уч йўналиши — иқтисодий, ижтимоий ва экологик жиҳатдан рағбатлантириш бўйича асосий ўринни эгаллайди. У уч йиллик муддатга сайланадиган 54 аъзодан иборат.

Ўзбекистон 2022 йилда мазкур кенгашнинг Ривожланиш мақсадларида фан ва технологиялар масалалари бўйича комиссияси аъзоси этиб сайланди.

Комиссия долзарб илмий, техник, инновацион ва муҳандислик масалалари бўйича малакали маслаҳат ёрдамини кўрсатиш учун ташкил этилган.