ИШИД террорчилари Мўсулдаги бош масжидни портлатиб юборишди
https://parstoday.ir/uz/news/west_asia-i20052-ИШИД_террорчилари_Мўсулдаги_бош_масжидни_портлатиб_юборишди
ИШИД жангарилари яна бир тарихий жиноятга қўл уришди — 800 йил муқаддам барпо этилган ан-Нурий масжиди ва унинг минорасини портлатиб юборишди
(last modified 2026-02-19T07:57:17+00:00 )
июн 22, 2017 16:55 Asia/Tashkent
  • ИШИД террорчилари Мўсулдаги бош масжидни портлатиб юборишди
    ИШИД террорчилари Мўсулдаги бош масжидни портлатиб юборишди

ИШИД жангарилари яна бир тарихий жиноятга қўл уришди — 800 йил муқаддам барпо этилган ан-Нурий масжиди ва унинг минорасини портлатиб юборишди

ИШИД террорчилик гуруҳи жангарилари Ироқнинг Мўсул шаҳридаги Ан-Нурий масжидини портлатиб юборишди, дейишмоқда ироқлик ҳарбийлар. Бу ҳақда ал-Олам агентлиги маълум қилди. 

Масжид Мўсулнинг ғарбидаги эски шаҳар қисмида жойлашган, у ерда ҳозир террорчилар ва ҳукумат қўшинлари ўртасида ҳал қилувчи қақшаткич жанглар давом этмоқда. 2014 йилнинг июлида ИШИД террорчилик гуруҳининг етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий худди мана шу масжидда нутқ қилиб, «халифалик» тузилгани ва ўзини унинг етакчиси, деб эълон қилган эди.

«ИШИД жангарилари яна бир тарихий жиноятга қўл уришди — 800 йил муқаддам барпо этилган ан-Нурий масжиди ва унинг минорасини портлатиб юборишди», — дейилади Ироқ армияси матбуот хизмати хабарида.

Найнава вилоятини озод қилиш бўйича операция қўмондонининг сўзларига кўра, ан-Нурий масжиди ва унинг Ал-Ҳадба деб аталувчи минораси Ироқ ҳарбийлари шаҳар ичкарисига киришга муваффақ бўлган пайтда жангарилар томонидан портлатилган.

Чоршанба куни Ироқ ҳарбийлари Мўсулнинг бош масжидидан 100 метр нарида мустаҳкам ўрнашгани маълум қилинаётган эди. Мўсул марказида жойлашган эски шаҳар қисмини эгаллаш бўйича операция унинг кўчалари ўрта асрларга хос режалаштирилганлиги туфайли қийин кечмоқда — туман бор йўғи 2-3 метр кенгликдаги танг кўчалардан иборат.

Ҳарбийларнинг сўзларига кўра ҳукумат қўшинлари томонидан масжиднинг эгалланиши жангариларнинг ҳарбий руҳиятига қаттиқ таъсир ўтказиши мумкин эди. Шаҳарни озод қилиш бўйича операция раҳбарлари кунлик ҳисоботларида операциянинг муваффақиятини айнан шу объектнинг қўлга киритилиши билан боғлашаётганди.