Ироқнинг Басра вилоятидаги нотинчликлар оқибати ва сабаблари
(last modified Sun, 09 Sep 2018 06:46:16 GMT )
сентябр 09, 2018 11:46 Asia/Tashkent

Басрада зўравонликлар ва нотинчликлар авж олганидан кейин, Ироқда қўшма амалиёт қўмондонлари ушбу ҳодисани тартибсизлик келтириб чиқариш деб аташди

     Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

      Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.

      Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.  

     Бугунги  суҳбатимиз "Ироқнинг Басра вилоятидаги нотинчликлар оқибати ва сабаблари”га доир мавзуга бағишланади.

     Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

      Ироқ жанубидаги Басра вилоятидаги нотинчликлар 4 сентябр кунидан шиддатли тус олди ва ҳозирга қадар 11 нафар инсон ҳалок бўлди ҳамда ўнлаб кишилар оғир тан жароҳати олди. Басрада зўравонликлар ва нотинчликлар авж олганидан кейин, Ироқда қўшма амалиёт қўмондонлари ушбу ҳодисани тартибсизлик келтириб чиқариш деб аташди ва ушбу мамлакат хавфсизлик кучларига Басрада намойишлар ўтказиб тартибсизликлар келтириб чиқараётганларга қарши қатъий ва кескин чоралар кўришлари учун кўрсатма беришди. Шу билан бирга, Бағдод хавфсизлик кучлари Басрага сафарбар этилган. Бу ҳақда муҳим савол шундаки, Басрадаги нотинчликларнинг сабаби нимада?

      Басрадаги нотинчликлар хусусидаги саволга қуйидагича жавоб берилади. Биринчиси, Басрадаги эътирозлар илдизи заиф ижтимоий хизматларга бориб тақалади. Ушбу вилоятда яшайдиган аҳолининг маъиший муамммоларга дуч келиши жумладан сув ва электр таъминотидаги сезиларли муаммолар ҳамда ишсизлик кўламининг кенгайиши ортидан норозиликлар келиб чиқди. Инсон ҳуқуқлари комиссариати шифохона ва даволаниш муассасаларидаги мавжуд статистика маълумотларига таяниб шундай маълум қилдики, сувнинг ифлосланиши натижасида Басранинг 20 минг нафар аҳолиси заҳарланган.

     Басрадаги эътирозчилар, ҳозирги шароитни Ироқнинг энг бой вилояти ҳисобланмиш Басранинг шаънига тўғри келмаслигини таъкидлашмоқда. Иккинчиси эса, Эрон ислом жумҳуриятининг Басрадаги консуллик биносига ўт қўйиш ҳодисаси бўлиб, ушбу олдиндан фитналаштирилган режа нафақат Басра учун балки, Ироқ юртига қаратилган ғаламизлик лойиҳасидир. Одатда, эътироз қиладиган аҳоли маъиший муаммолар ортидан бошқа мамлакатнинг консуллик идорасига ҳужум қилиш ёки ўт қўйишга унчалик ҳам мойил бўлишмайди.

      Гарчи, хавфсизлик кучлари Эрон консуллик идорасини қўриқлашда камчиликка йўл қўйишган бўлсада, лекин шубҳасизки, ушбу кескин ҳаракатлар сўнги ойлар давомида олдиндан режалаштирилган бўлиб, бундан кўзланган мақсад эса, Эрон ислом жумҳурияти ва Ироқ ўртасида ихтилоф келтириб чиқариш бўлган. Яна бошқа сабаби шундаки, Басрадаги воқеалар шуни кўрсатмоқдаки, ташқаридан бошқарилган фитналарни ички ёлланмалар ижро этган. Бунда эса, Басрадаги Ҳашадуш Шаъби қароргоҳлари нишонга олинган.

     Ҳолбуки, Ҳашадуш Шаъби кучлари Ироқ жанубидаги аҳоли томонидан шаклланган бўлиб, Ҳашадуш Шаъбининг кўплаб ижтимоий базалари ва унинг энг кўп шаҳидлари ҳам Басра вилоятига тўғри келади. Басрадаги эътирозчилар етакчилари ҳам ўз чиқишларида, сиёсий марказларга ва муқовамат гуруҳларининг идораларига ўт қўйиш ҳаракатлари, нуфузли таъсирга эга бўлганларнинг иши эканлигини ва бундай ҳаракатлар намойишчиларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини маълум қилишди. Басрадаги нотинчликлар хатарли оқибатларга олиб келиши мумкин. Гарчи, Эрон ва Ироқ муқовамати Басра ҳодисасини кескин қоралаб, ушбу ҳодиса омилларига қатъий чоралар кўришни таъкидлашсада, бироқ шу билан бирга Ироқ ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида Эрон ислом жумҳуриятининг Басрадаги консуллик идорасига ўт қўйиш ҳаракатларини, Ироқ манфаатларига зиён етказиш ва Ироқнинг дунё мамлакатлари билан алоқасига путур етказиш деб атади.

      Шунингдек, Басрадаги ҳодисанинг яна бошқа муҳим томонлари шундаки, ушбу воқеъа Ироқнинг сиёсий вазиятига ва хавфсизлигига ўзининг салбий таъсирини ўтказади. Ваҳоланки, айни дамда Ироқда сиёсий гуруҳлар давлатни ташкил этишда жиддий келишмовчилик ва ихтилофларга дуч келишган. Ушбу ҳодиса эса, ички муаммоларни ва ихтилофларни янада шиддатли тус олишида туртки бериши мумкин. Ироқ яқиндагина ИШИД террорчилик гуруҳи томонидан содир этилган жиноятлар ва нотинчликлардан қутулган эди. Шунинг учун, Басра ҳодисаси Ироқ юртини яна бир бор ижтимоий нотинчликларга олиб келиши мумкин. Бу хусусда, Ироқ миллий ҳукумати жараёни раҳбари Саййид Аммор Ҳаким ўз баёнотида Басрадаги охирги ҳодиса юзасидан ўзининг хавотирланишини билдириб, Эрон ислом жумҳуриятининг Басрадаги консуллик идорасига қарата амалга оширилган ҳужумни кескин қоралади ва ушбу нотинчликлар мамлакатни жар ёқасига олиб келади деб таъкидлади.          

      Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.  Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.