Элчихоналар ҳудудидаги портлаш: Кобул теракти қурбонлари сони 90 нафардан ошди
Афғонистон пойтахти Қобулда навбатдаги портлашлар содир бўлди
31 май куни Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида президент саройи ва қатор элчихоналар ҳамда муҳим идоралар жойлашган ҳудуд яқинида кучли портлаш рўй берди.
Ирна агентлигининг мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигига асосланиб хабар беришича, портлаш қурбонлари сони 90 нафардан ошган, 400 киши жароҳатланган. Вазирлик бундан олдинроқ 19 қурбон ҳақида маълум қилган эди.
Портлаш кучи шу қадар кучли бўлганки, воқеа жойидан юзлаб метр масофадаги биноларда шикастланиш қайд этилган, деразалар тўкилиб тушган.
Полиция маълумотига кўра, Германия элчихонаси яқинида портловчи қурилмалар билан тўлдирилган автомобиль портлаган. Портлаш туфайли Франция, Япония ва Ҳиндистон элчихоналари, шунингдек, Синьҳуа агентлиги бюроси биноси шикастланган.
Афғонистон ИИВ берган хабарга кўра, сув ташувчи автоцистерна портлатилган.
ОАВ хабарига кўра, портлаш туфайли Япония элчихонасининг икки ходими, Германия элчихонасининг бир неча хизматчси, шунингдек, хорижий телеканал журналистлари жароҳатланган. Tolo TV телеканали ҳамда Moby медиагуруҳининг ходимлари ҳалок бўлганлар орасида.
ИШИД террорчилик гуруҳи Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида содир этилган теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.