Ато Нурулислом Араканий: Роҳинжа мусулмонларига қарши янги тажовуз
Rvision arabic телеканалининг мудири, Роҳинжа фаолларидан бири Ато Нурулислом Араканий БМТ хавфсизлик кенгашидан тинчликпарвар кучларни Мьянманинг Аракан вилоятига юбориш ва роҳинжа мусулмонларини қирғинбарот урушидан ҳимоя қилишини талаб қилди.
Ато Нурулислом "Арабик 21" каналига берган интервюсида роҳинжа халқининг юз йиллардан бери Аракан вилоятининг асл фарзандлари эканини таъкидлади. Тарих бунга гувоҳдир. Аун Сан Су Чжи ҳукумати эса буткул Мьянма армияси қўл остидадир. Улар ҳеч қачон роҳинжа мусулмонлари билан боғлиқ муаммони ошкора қилмайди.
Кўпгина кузатувчилар 2012 йилдан бери Аракан вилоятидаги вазиятнинг ўта ночорлигидан огоҳлантиришига қарамай, Мьянма армияси Аракандаги мусулмонларга қарши шафқатсиз қирғинбарот уруши олиб бормоқда. Аниғини айтадиган бўлсак, халқаро ташкилотлар роҳинжа мусулмонлар аҳволини яхшилаш йўлида ҳеч нарса қилмадилар.
Савол: Мьянма ҳукумати ўз кирдикорларини оқлаш мақсадида, биз террор ва зўравонликка қарши курашмоқдамиз, демоқда. Араканликларни ўзаро тўқнашувга боришга нима мажбур қилди?
Жавоб: Тазйиқ ғалаённи келтириб чиқаришини доим айтишади. Бизлар бу ҳақда доимий равишда огоҳлантириб келамиз. Роҳинжа мусулмонлари мана ўн йил мобайнида Мьянма армияси зулми остида қирғинга учрамоқда. Ушбу қирғинбарот 2012 йилда яна ҳам шиддатли тус олди. Роҳинжа мусулмонлари эртаю кеч қирғинга учраб, эркак ва йигитлари асирга олиниб, аёлларига тажовуз қилинмоқда. Улар чидаб бўлмас даражадаги зулм остида яшашмоқда. Бундай қаттиқ вазият тўқнашув билан тугаши табиий бир ҳолдир.
Савол: Ҳақиқатда дунё ҳамжамияти Мьянма ҳукумати мусулмонларга қарши қўллаётган зулмларидан бехабарми?
Жавоб: Дунё ҳамжамияти бундай нохуш воқеалар қаршисида жим сукут сақламоқда. Фақат ҳукуматни қоралаб, бир-икки баёнот бермоқда холос. Дунё ҳамжамияти томонидан бундай хатти-ҳаракатни фойдаси йўқ. Хоҳ аввалги фашизм Мьянма ҳукумати бўлсин, хоҳ армияга буткул тобе бўлган Аун Сан Су Чжининг ҳозирги ҳукумати бўлсин, фарқи йўқ.
Савол: Роҳинжа халқини қўллаб‑қувватлашда дунё ҳамжимиятининг ўрни қандай бўлмоқда?
Жавоб: Афсуски аксар давлатлар роҳинжа мусулмонларига инсонпарварварлик ёрдами билан чекланишмоқда. Аслида ўша ёрдам Мьянма ичида қамал бўлиб турган жабрдийдаларга ёки қочоқлар лагерига етиб бормаяпти. Аслида роҳинжа мусулмонлари БМТ иштирокидаги сиёсий қўлловга муҳтожлар. Улар Мьянма ҳукуматини, роҳинжа мусулмонларини фуқароликларини қайтариб бериш ва бошқа ҳақ‑ҳуқуқларни қайтаришга ҳамда Мьянма армияси томонидан оширилаётган қатлиомни тўхтатишга чақирмоғи лозим.
Савол: Роҳинжа мусулмонларини тортиб олинган ҳақ‑ҳуқуқларини қайтариш учун аслида БМТ нима ишлар қилиши лозим?!
Жавоб: БМТ хавфсизлик кенгаши орқали Аракан вилоятида тинчлик ўрнатиб, Роҳинжа мусулмонларини ҳимоя қилиш учун тинчликпарвар кучларини жўнатиши даркор. Чунки Мьянма ҳукумати уларни ҳимоя қилмасдан, балки, қатлиом қилишга чорламоқда. Шунинг учун дунё ҳамжимияти, хусусан БМТ уларни ҳимоясига ўтиб, Мьянма ҳукумати ишига аралашиши зарур. Шунингдек, барча араб ва мусулмон мамлакатлари БМТга босим ўтказиб, тинчликпарвар кучларини Аракан вилоятига киритишини уқтирмоқлари керак.
Савол: Ҳозирда Аракан мусулмонларининг аҳволи қандай?
Жавоб: Ҳозирда уларнинг аҳволи ўта ночор бўлиб, кўп оилалар тоғ ва ўрмонларга қочиб кетишмоқда. Ваҳоланки, ҳозир у ерда ёмғир мавсуми ва экватор чизиғи тушган макон бўлгани учун совуқ об‑ҳаво ҳукм сурмоқда. Қочқинлар орасида аёллар, ёш болалар ва қариялар бор. Улар на сув ва на овқатга эга эмаслар. Биз ҳозирда видео тасмаларни қўлга киритдик. Видео ролик уларнинг аҳволи ўта аянчли эканидан дарак бермоқда. Уларни Аллоҳдан бошқа суянчиқлари қолмади.
Савол: Ўтган йил октябр ойида бошланган қатлиомдан бери қурбон бўлганларнинг сони қанча?
Жавоб: Охирги хабарларга қараганда 3 мингга яқин одам шаҳид бўлган. Баъзи ҳисоб‑китобларга қараганда, 50 мингдан ортиқ одам ҳижрат қилишга мажбур бўлган. Ҳозирда муҳожирлар тоғ ва ўрмон ёки Мьянма ва Бангладеш орасидаги ҳудудларга жойлашиб олган. Ундан ташқари ўнлаб қишлоқлар батамом ёқиб юборилган.
2016 йилнинг октябрида эса, 10 минг одам шаҳид бўлган, минглаб аёллар тажовузга учраган ва 200 мингдан кўпроқ одам қишлоқ ва уйларини ташлаб қочиб кетишган.
Савол: 1962 йилдаги ҳарбий инқилобдан бери қанча одам қатлиом қилингани ҳақида сизларда аниқ рақам борми?
Жавоб: Ҳа, бизда бу соҳада мутахассис бўлган марказлар бор. Улар 1942 йилдан 1980 йилгача бўлган қурбонлар сонини аниқ билишади.
– уйсиз қолганлар 700 минг;
– қишлоқ маконларни ёқиб юборилгани 7000;
– ишхоналарни ёпилиши оқибатида 170 минг ишсиз;
– обрўси тўкилган муслима аёллар 2000;
– буддавийларнинг қўлида 5500 дан кўпроқ мусулмон ҳалок бӯлган;
– жиноятсиз ва маҳкамасиз 4000 мусулмон қамалган;
– 900 дан кўпроқ масжид ва мадраса вайрон қилинган;
– 250 мингдан кўпроқ Қуръон ва диний китоб ёқиб юборилган;
– 12500 дан кўпроқ вақф ерлари мусодара қилинган;
– миллион риёлга тенг келадиган зироат ерлари мусодара қилинган;
– 10 мингдан кўпроқ мусулмон ишхонадан ҳайдалган;
– 25 мингдан кўпроқ одам бедарак йўқолган;
– 25 мингдан кўпроқ одам очликдан вафот этган;
– 1942 йили 200 мингдан кўпроқ роҳинжа ўлдирилган;
– 1962 йилги инқилобда уйлари ва қишлоқларини ташлаб қочган роҳинжалар сони кескин ошган. Мазкур йили 300 минг мусулмон Бангладешга ҳайдалган;
– 1978 йили ярим миллион одам шаҳар ташқарисига қочган;
– 1988 йили 150 минг мусулмон буддавийларга қишлоқни ташлаб, чиқиб кетган;
– 1991 йили ярим миллионга яқин одам ҳижрат қилган.
Бунга қўшимча равишда 2012 йилдаги воқеалар, 2016 йилдаги ҳодисалар ва то ҳозиргача давом этаётган нохушликлар гапимизнинг исботидир.
Савол: Аракандаги мусулмонлар муаммоси ўзи қачон бошланган. XIX асрда Мьянма подшоҳи Аракан вилоятини босиб олиши оқибатида содир бўлганми?
Жавоб: Роҳинжалар Аракан вилоятининг асл аҳолисидир. Аракан мустақил исломий мамлакат бўлиб, бу ерга Ислом 788 мелодий йил, халифа Ҳорун ар‑Рашид даврида етиб келган. 48 мусулмон подшоҳ бу ерни бошқарган. Бу ерда шундай осори атиқа ва обидалар борки, 1430 мелодий йилдан 1784 йилгача мусулмонлар бошқарган. 1784 мелодий йили Араканни қўшни Мьянма давлати босиб олган. Шу санадан бошлаб Аракан Мьянмага тобе бўлган. Мьянма босиб олишига қарамасдан, бу ерда мусулмонлар ҳур яшашган. Аммо 1962 йилги ҳарбий инқилобдан кейин то 1982 мелодий санагача аҳвол жуда оғирлашган. Ўшанда роҳинжалардан фуқароликни тортиб олишга фармон чиққан. Оқибатда улар Бангладешга кўчиб ўтишга мажбур бўлишган.
2012 йили роҳинжаларга қарши янги ҳужум бошланди. Дин аҳкомларини одамларга ўргатиш учун келган 10 даъватчини ўлдириб, қулоқ бурнини кесиб, кўчанинг ўртасига ташлашганида уруш алангаси кучайиб кетди.
Савол: Роҳинжа миллатига мансуб хориждаги фуқароларни бу ердаги мавжуд муаммоларини ҳал қилишда қандай ўрни бор?
Жавоб: Роҳинжа ташкилоти роҳинжа халқининг муаммоларини бутун дунёга тарқатишда жонбозлик кўрсатмоқда. Халқаро ташкилотларни ҳам хабардор қилиб, молиявий ва ахборот томондан кўмаклашмоқда. Аммо халқаро ташкилотлар воқеликни ўзгартирадиган ҳеч қандай ишни амалга оширишмади. Улар фақат бу ишдан норози эканликларини билдиришди холос. Аслида улар тинчликпарвар кучларни жўнатиб, Аракан халқини қатлиомдан ҳимоя қилишлари керак эди.
Савол: Нобел мукофотига сазовор бўлган Аун Сан Су Чжининг бу муаммо қаршисидаги ўрни қандай?
Жавоб: Давлат маслаҳатчиси ва ташқи ишлар вазири Аун Сан Су Чжи 1991 йили Нобел мукофотига эришган. Лекин бу аёл амалда ҳеч нарсани қилмади. Мьянмадаги мусулмонларни қирғинбарот қилинишига ҳам эътибор қаратмади. Ҳатто сайлов компанияларида ҳам унга ишора қилмади. Балки, Мьянмада роҳинжа деган миллат йўқ, деб қўяқолди.
"Azon.uz"