АҚШнинг Техас штатида собиқ ҳарбий черков ичида автоматдан одамларни ўққа тутди
-
АҚШнинг Техас штатида собиқ ҳарбий черков ичида автоматдан одамларни ўққа тутди
Техасда 26 ёшли собиқ ҳарбий Девин Келли черков ичида автоматдан одамларни ўққа тутганлиги ортидан 27 киши қурбон бўлди 30га яқин киши яраланди
Ал-Олам агентлиги тарқатган хабарга кўра, АҚШнинг Техас штатида жойлашган Сазерленд-Спрингс шаҳарчасида маҳаллий вақт билан соат 11:30да қуролланган шахс баптистлар черковига бостириб кирди ва якшанба ибодатига йиғилганларни ўққа тутди. Қотил қора кийимда бўлган, унинг кийимига ўқ ўтказмаслик учун махсус жилет тақилган. У яримавтомат винтовкадан фойдаланган.
Ушбу оммавий қотиллик ортидан 27 киши ҳалок бўлди ва 30 га яқин киши жароҳатланган ҳолда шифохонага ётқизилган. Жиноятчи черковдан чиққан ва машинасига миниб воқеа жойидан жўнаб кетган. Маҳаллий кишилардан бири унга ўз қуролидан ўқ узиб, жароҳатлаган ва уни таъқиб қилган. Бир қанча вақт ўтганидан кейин қотил қўшни округ ҳудудида, ўз автомобилида жонсиз ҳолда топилди. Полиция унинг ўлими жароҳат туфайли рўй берганми ёки у ўзини ўлдирганми, аниқлик киритмади.
ОАВ полиция маълумотига асосланган ҳолда қотилнинг шахсини маълум қилди. Ушбу жиноятни содир этган шахс Техаснинг Нью Браунфельс шаҳрида истиқомат қилган 26 ёшли Девин Келли исмли собиқ ҳарбий бўлган. У 2010 йилларда АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларида хизмат қилган ва 2014 йилда, содир этган қоидабузарликлари учун трибуналга тортилиб истеъфога чиқарилган. Ишдан ҳайдалишидан олдин Девин Келли 12 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Унинг жиноятни содир этиш сабаблари ҳамон маълум эмас. Сазерленд-Спрингсдаги оммавий қотиллик АҚШ тарихида черковда содир этилган энг йирик қотилликка айланди.