Ҳиротда темурийлар даври хатида битилган биринчи Қуръон
Насталиқ хатида битилган ва буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод миниатюралари шаклида безак берилган Қуръони Карим нусхаси куни-кеча Афғонистонда намойишга қўйилди.
Қуръоннинг бу янги нусхаси ҳиротлик устод хаттот Валиаҳмад Сабрий қаламига мансуб.
Ҳиротда бўлган мухбиримиз Ҳумоюн Ҳадиднинг хабар беришича, Қуръонни насталиқ хатида ёзиб, тугатиши учун у кишига нақ тўрт йил лозим бўлган.
Унга Камолиддин Беҳзодга ўхшатиб безакни миниатюрист Абдулғафур Ҳабибий берган.
Бўйи 70 см, эни 50 см келувчи янги Қуръон нусхаси Афғонистонда шу пайтгача битилганлари орасидан энг каттаси ва бежирими бўлади.
Хаттот Валиаҳмад Сабрийнинг айтишича, ўқишга осон ва тушунарли бўлгани учун ҳам Қуръонни битишда насталиқ ёзувини афзал билади.
Маълум бўлишича, хаттот шу пайтгача насталиқ ёзувида тўртта Қуръон битган.
Улардан учтасини эса, Эронда шахсий буюртма асосида "яратган".
Хаттотга кўра, Ҳиротда яратган энг сўнггиси қолган тўрт нусхаси орасидан ҳар томонлама ўзи энг қониқиш ҳосил қилгани бўлади.
Ҳиротда насталиқ ёзувида битилган биринчиси бўлган янги Қуръон нусхаси кеча - 6 ноябрь куни "Ark Hotel" меҳмонхонасида намойишга қўйилган.
Унинг тақдимот маросимида уламолар, тарихчилар, шоирлар ва ёзувчилар ҳозир бўлишган.
Янги Қуръон нусхасининг энди Ҳиротдаги қадимий Жомеъ масжидининг хос хонасида асралиши айтилмоқда.
Ҳирот Жомеъ масжиди темурийлар даврида қайта таъмирдан чиқарилган ва энг муҳимларидан бири сифатида кўрилган.
У жаҳондаги энг йирик бешинчи катта ва қадимийларидан бири бўлган масжид саналади.