Сочида Путин, Эрдўған ва Руҳоний Сурия масаласида музокара олиб боришди
https://parstoday.ir/uz/news/world-i25803-Сочида_Путин_Эрдўған_ва_Руҳоний_Сурия_масаласида_музокара_олиб_боришди
Россия Федерациясининг Сочи шаҳридаги Бочаров Ручей қароргоҳида Россия президенти Владимир Путин, Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Суриядаги вазиятни тартибга солиш бўйича уч томонлама музокаралари бўлиб ўтди.
(last modified 2018-08-22T17:53:00+00:00 )
ноябр 23, 2017 12:30 Asia/Tashkent
  • Сочида Путин, Эрдўған ва Руҳоний Сурия масаласида музокара олиб боришди
    Сочида Путин, Эрдўған ва Руҳоний Сурия масаласида музокара олиб боришди

Россия Федерациясининг Сочи шаҳридаги Бочаров Ручей қароргоҳида Россия президенти Владимир Путин, Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Суриядаги вазиятни тартибга солиш бўйича уч томонлама музокаралари бўлиб ўтди.

Икки соатдан зиёд давом этган музокаралардан сўнг президентлар журналистлар олдида чиқиш қилишди, дейилади РИА Новости томонидан тарқатилган хабарларда. 

Россия ва Эрон етакчилари билан Сочида ўзаро ишонч чораларини мустаҳкамлаш ҳақида келишиб олдик, деган Туркия президенти Ражаб Таййиб Эрдўған.

«Бизнинг жаноб Путин билан ҳам, жаноб Руҳоний билан ҳам маслаҳатлашувларимизда ўзаро ишончни мустаҳкамлаш кераклигига урғу бердик. Бу чораларни босқичм-босқич амалга ошириш учун Суриядаги одамларга инсонпарварлик ёрдамлари тўсиқсиз ва узлуксиз етиб боришини таъминлашимиз керак», деган Эрдўған Руҳоний ва Путин билан музокаралари якуни бўйича.

«Биз бошқа соҳаларда ҳам муносабатларни янада ривожлантириш бўйича якдил фикрга келди», — деган матбуот анжуманида Эрдўған.

Туркия президентининг таъкидлашича, томонлар Сурия халқининг кенг миқёсли, эркин, адолатли сиёсий жараёнларни амалга ошириши учун қўллаш зарурлиги ҳақида якдил фикрга келишган.

Учрашув аввалида Владимир Путин Сурия бўйича Остона жараёнларида Туркия ва Эрон президентларининг саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлаб ўтди: «Уларсиз жанговар ҳаракатлар ҳанузгача тўхтамаган бўлар эди».

Шунингдек, Путин Россия, Эрон ва Туркиянинг саъй-ҳаракатлари билан Суриянинг парчаланиб кетиши, унинг халқаро террорчилар томонидан эгаллаб олиниши ва гуманитар ҳалокат юз беришининг олди олинганини қайд этиб ўтди. Сочидаги учтомонлама учрашув Суриядаги ижобий ўзгаришларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун хизмат қилади, деди Путин.

Эрдўған ва Руҳоний билан учрашуви ҳақида гапирар экан, Россия президенти Владимир Путин ушбу музокаралар жуда муфассал бўлгани, минтақада барқарорликни тартибга солишнинг барча жиҳатлари икир-чикиригача муҳокама этилганини таъкидлаб ўтди.

Уч давлат етакчилари Сочи учрашувида Сурия суверенитети, бирлиги ва ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш муҳим эканлигини тасдиқлашди, деди РФ президенти Владимир Путин.

«Ушбу мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши, унинг суверенитети, бирлиги ва ҳудудий яхлитлиги сақланиши учун бундан кейин ҳам фаол ҳаракат қилиш борасида келишиб олдик», — деган В.Путин.

Президентлар ИШИД террорчилик гуруҳини батамом яксон қилиш учун ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олишган. Бу ҳақда Сочи учрашув якунларига бағишланган якуний баёнотда таъкидланмоқда.

Сурия тақдирини фақатгина шу мамлакат вакиллари, жумладан, жорий ҳукумат тарафдорлари ва мухолифатдагилар ҳал қилиши керак, деди РФ президенти Владимир Путин.

Россия, Эрон ва Туркия томонидан қабул қилинган қарорлар Суриядаги вазиятни мувозанатга келтириш учун хизмат қилади, деди Эрон президенти Ҳасан Руҳоний.

Эрон президенти ҳасан Руҳоний Сурия ва Ироқдаги ИШИД базалари батамом йўқ қилинганини таъкидлаб ўтди.