декабр 13, 2017 12:22 Asia/Tashkent

Куни кеча Россия президенти Владимир Путин Сурия ва Мисрга уюштирган сафаридан сўнг Туркияга йўл олди.

Сурияга ташриф буюрган Россия президенти Владимир Путин ташрифи доирасида суриялик ҳамкасби Башар Асад билан учрашув ўтказди

Учрашув чоғида Россия президенти Эрон ва Туркия билан ҳамкорликда Сурияда тинч-тотув ҳаётни йўлга қўйишга умид билдирди. Шунингдек, у миллий мулоқот конгрессини тайёрлаш зарурлигини таъкидлади.

«Эрон ва Туркия билан бирга тинч ҳаёт, сиёсий жараённи йўлга қўя оламиз деган умиддаман. Сурия халқлари конгрессини тайёрлаш, тинч йўлга солиш жараёнини бошлаш муҳим», — деди Путин.

11 декабр куни эрталаб, Россия президенти Владимир Путин Суриянинг Хмеймим шаҳрида жойлашган россия базасига етиб келди

ТОШКЕНТ, 11 дек — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Суриядаги Россия ҳарбий контингентининг каттагина қисмини чиқаришга буйруқ берди. Путин бу ҳақда Суриянинг Хмеймим шаҳрида ҳарбийлар билан учрашуви давомида маълум қилган, деб хабар қилди РИА Новости

Путиннинг сўзларига кўра, икки йилдан сал ошиқ вақт мобайнида Россия Қуролли кучлари Сурия армияси билан биргаликда "халқаро террорчиларнинг энг жанговар гуруҳларини тор-мор қилишга муваффақ бўлган".

Путин Россия ҳарбийлари топшириқларни аъло даражада бажарганликларини, ҳақиқий жасорат, қаҳрамонлик ва профессионаллик кўрсатганликларини эътироф этиб, ҳарбийлар ўз яқинлари ёнига ғалаба билан қайтишаётганини қўшимча қилди.

"Сизларни она ватан кутмоқда, ўртоқлар. Оқ йўл. Барчангиздан хизмат учун миннатдорман", — деди Россия президенти.

Путин Сурияда террорчиларга қарши кураш давом этишини таъкидлади.

"Агар террорчилар яна бош кўтарса, биз уларга улар ҳали кўрмаган зарбаларни берамиз", деди Россия президенти.

Россия президенти Владимир Путин Қоҳирага амалий ташриф билан келди, у Миср раҳбари Абдул Фаттоҳ ас-Сисий билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.

Россия етакчисини аэропортда Миср президентининг ўзи кутиб олган.

Путин ва ас-Сисий аэропортдан Россия президенти автомобилида Ал-Иттиҳодия саройига йўл олишди, у ерда эса икки томонлама музокаралар бўлиб ўтди.

РФ президенти Владимир Путиннинг маълум қилишича, Россия Миср билан тўғридан-тўғри авиақатновни очишга тайёр.

"Россия хавфсизлик хизматлари менга биз Москва ҳамда Қоҳира ўртасида тўғридан тўғри авиақатновни очишга тайёр эканимиз ҳақида ҳисобот беришди, - дея таъкидлаб ўтди у Миср президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сисий билан музокаралар якунлари бўйича. – Тегишли ҳукуматлараро баённомани имзолаш талаб этилади, у яқин вақт ичида имзоланишига ҳаракат қиламиз".

Шунингдек, Путин душанба куни Қоҳирада Мисрдаги биринчи атом электрстанциясини Ўрта Ер денгизидаги ад-Дабаа туманида Россия иштирокида қуришга тижорий шартномаларнинг кучга кириши тўғрисидаги актларни имзолаш маросимида қатнашди. Россия томони ад-Дабаадаги атом электрстанцияси туманида хавфсизликни таъминлашда иштирок этади. 

Россия президенти Владимир Путин Анқарага келди. Бу ерда у туркиялик ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўған билан музокаралар ўтказади.  

Кремль матбуот хизматининг маълум қилишича, Путин ва Эрдўған икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини, жумладан, энергетика соҳасидаги йирик қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилишини муҳокама қилишмоқчи.   

Бундан ташқари, Путин ва Эрдўған муҳим халқаро муаммолар, жумладан Яқин Шарқдаги вазият ва Суриянинг тартибга солиниши бўйича фикр алмашадилар. Ўтган ҳафта Путин Сурияда ИШИД тўлиқ яксон қилинганини эълон қилганди. 

Эрдўған матбуот хизматида маълум қилинишича, Россия ва Туркия етакчилари айни кунларда долзарб масалалардан бирига айланган – Ал-Қудс муаммосини муҳокама қилишади.

Айтиш керакки Путиннинг ушбу уч мамлакатга уюштирган сафари бежиз эмас зеро улардан ҳар бири Москва давлати учун махсус аҳамиятга эгалар.

Сурия борасида шуни айтиш керакки бугунги кунда бу мамлакат Ўрта Шарқ ва Ўрта ер денгизи соҳилида Москва учун энг муҳим мамлакатлардан  бўлиб, Россия давлати  минтақа ва халқаро геополитикаси ва сиёсий мувозанатида таъсир ўтказиш мақсадида бу мамлакатдан  фойдаланмоқда.

Миср университети устозларидан бири Нураҳон Шайхнинг айтишича Сурия бўҳрони осойишта йўллар билан ҳал этилганида ҳам бу мамлакат ва минтақада Россиянинг роли камайтирилмайди. Чунки Россия илгаригидек Дамашқ давлатининг энг асосий иттифоқчиси сифатида қолади.

Шу тартибда Суриядаги рус ҳарбийлари чиқарилганида ҳам Россия  бу мамлакатнинг Тартус денгиз базаси ва Хмеймим шаҳридаги авиабазаси фаолиятини давом эттиришини таъкидламоқда.

Туркия хавфсизлик таҳлилчиси Мете Ёрорнинг айтишича, Путин Эрон ва Туркия масъуллари билан маслаҳатлашувидан кейин ва уларнинг ишончини жалб этганидан кейин бу хулосага келганини таъкидлади.

Бошқа томондан Владимир Путин энг буюк араб мамлакати яъни Мисрда Россия нуфузини қайта тиклаш мақсадида Қоҳирага ташриф буюргани айтилади.

Москва давлати Ўрта Шарқ мамлакатлари жумладан Туркия ва Миср билан алоқаларини кенгайтириши билан, Ғарб томонидан Москвага нисбатан қўлланган босимлар ва санкциялар таъсирини камайтиришни кўзда тутган.

Эндиликда Миср давлати Россия қурол -яроқларини импорт қилувчи асосий мамлакатларга айланган.

Шунингдек Россия ва Туркия ўртасида ҳам алоқаларнинг янги босқичи бошланган.

 

Ёрлиқ