Толибон тез тиббий ёрдам машинаси ёрдамида 95 кишини ўлдирди
Бу Толибон томонидан қилинган бир ҳафта ичидаги иккинчи йирик ҳужум.
Расмийларнинг айтишича, худкуш ҳужумчи Кобулда камида 95 кишининг умрига зомин бўлган, 158 одам жароҳатланган.
Ҳужумчилар портловчи моддалар билан тўлдирилган тез тиббий ёрдам машинасида жамоат транспорти учун ёпиқ бўлган кўча бошидаги полиция назорат нуқтасидан ўтиб кетган.
Ҳодиса собиқ Ички ишлар вазирлиги биноси ҳамда Оврўпо иттифоқи ва Тинчлик корпуси бинолари олдида содир бўлган. Толибон ҳужумни ўз зиммасига олган.
Бир ҳафта олдин Толибон жангарилари Кобулдаги меҳмонхонада 22 кишини ўлдирганди.
Гувоҳларнинг айтишича, портлаш бўлган жойда хориж элчихоналари ва шаҳар полициясининг қароргоҳи жойлашган. Ҳодиса содир бўлган вақт бу жой одамлар билан гавжум бўлган. Тез тиббий ёрдам машинаси маҳаллий вақт билан соат 12:15 портлаган. Осмонга ўрлаган қуюқ тутунни шаҳарнинг ҳар томонидан кўриш мумкин. Расмийлар қурбонлар сони ортиши мумкинлигини айтмоқда. Жароҳатланганлар шифохонага олиб кетилган.
Толибон Афғонистоннинг катта қисми ва Покистон билан чегарадош ҳудудларни назорат қилади.