Нурсултон Назарбоев Наврўз куни Самарқандга келди
(last modified Wed, 21 Mar 2018 13:42:45 GMT )
март 21, 2018 18:42 Asia/Tashkent
  • Нурсултон Назарбоев Наврўз куни Самарқандга келди
    Нурсултон Назарбоев Наврўз куни Самарқандга келди

Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон халқини Наврўз билан табриклаш мақсадида Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.

Олий мартабали меҳмонни Президент Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида икки давлат раҳбарларининг учрашуви бўлди. Қардош ўзбек ва қозоқ халқлари азалдан ёнма-ён яшаган, яхши кунларда ҳам, қийинчилик дамларда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлаган.

Бундай дўстлик ва аҳиллик бугунги кунда халқларимиз ўртасидаги алоқаларга мустаҳкам асос бўлмоқда. Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев ташаббуси билан Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. 2018 йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили ўтказилаётгани халқларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади. 

Президентлар минтақа давлатлари, хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги самимий муносабатлар ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкамланиб бораётганини қайд этиб, чегаралардаги енгилликлар икки мамлакат халқларининг ўзаро борди-келдиси учун кенг йўл ва имкониятлар очгани, бунда энг катта мақсад бўлган халқларимиз розилигига эришилганини таъкидладилар.  

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати юқори баҳоланди, уни янада ривожлантиришга оид масалалар юзасидан фикр алмашилди. Қозоғистон Президенти Ўзбекистон раҳбари ҳамроҳлигида Самарқанднинг диққатга сазовор жойларини томоша қилди. Шу билан Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Ўзбекистонга ташрифи ниҳоясига етди.

Ёрлиқ