Россия хорижлик дипломатларни чиқариб юборишни бошлади
-
Россия хорижлик дипломатларни чиқариб юборишни бошлади
Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги Финляндия, Чехия, Швеция, Италия, Польша, Литва ва Нидерландияга ушбу давлатлар россиялик дипломатларни ўз ҳудудидан чиқариб юборганига жавоб қайтариб, худди шундай чоралар қўллади.
Финляндиянинг Москвадаги дипломатига Россиядан чиқиб кетиш учун 2 ҳафта муҳлат берилган, бундан ташқари, Италия дипломати 7 кун ичида Россияни тарк этиши зарур.
«30 март куни Польша элчиси РФ ТИВга чақирилди, у Польша дипломатик миссиясининг 4 нафар аъзоси Россия ҳудудини тарк этиши кераклиги ҳақида хабардор қилинди», дейилган Польша ТИВ хабарида.
Польшалик дипломатлар 7 апрелга қадар Россияни тарк этиши керак бўлади. Шунингдек, ҳозирга келиб, Россияни Литванинг 3 нафар, Чехиянинг 3 нафар, Латвиянинг 1 нафар, Швециянинг 1 нафар дипломати, Эстониянинг 1 нафар ҳарбий атташеси тарк этиши кераклиги маълум қилинган.
Скрипаль иши Шу йилнинг 4 мартида россиялик собиқ жосус Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлия Англия жанубидаги Солсбери шаҳрида беҳуш ҳолда топилганидан кейин Россия ва Ғарб ўртасида дипломатик инқироз бошланди. Британия ушбу шахслар Россияда тайёрланган, асаб тизимини фалажловчи кимёвий модда билан заҳарланганини айтиб, Россиядан изоҳ сўради. Россия томони эса бу сўровни эътиборсиз қолдирди, шундан кейин расмий Лондон Россияни Британия Бирлашган қироллиги ҳудудида қурол ишлатиш деб баҳолаб, мамлакатдан 23 нафар россиялик дипломатни чиқариб юборди. Бунга жавобан Москва ҳам 23 нафар британиялик дипломатни ватанига қайтарди.
Март ойи охирида АҚШ россиялик 60 нафар дипломатни чиқариб юборишини маълум қилди, шунингдек, яна 27 мамлакат, хусусан, Украина ва Австралия Россия дипломатларини нон-грата деб эълон қилди. Жами 140 нафар россиялик дипломатга жавоб берилди.
Умумий ҳисобда дипломатик вакиолатхоналарни Россия ТИВнинг 140 нафардан ортиқ ходимлари тарк этишади.
Бундан аввалроқ Россия ТИВ америкалик элчи Жон Ҳантсманни чақиртирган эди. АҚШ элчисига 60 нафар америкалик дипломат Россиядан чиқариб юборилиши ва Санкт-Петербург шаҳридаги АҚШ ваколатхонаси ёпилиши ҳақида маълум қилинди.