Италиядаги зилзила қурбонлари сони янада ошиб бормоқда
(last modified Fri, 26 Aug 2016 13:17:21 GMT )
август 26, 2016 18:17 Asia/Tashkent
  • Италиядаги зилзила қурбонлари сони янада ошиб бормоқда

Италиядаги зилзила қурбонлари сони 267 кишини ташкил қилмоқда

   24 августга ўтар кечаси Италиянинг марказий қисмида рўй берган зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 267 кишига етди. Бу ҳақда мамлакат фуқаролик мудофааси хизмати маълум қилган. Охирги хабарларда ушбу табиий офат оқибатида қурбон бўлганлар сони 250 киши экани айтилганди. Сўнгги маълумотларга кўра, айни вақтда 387 киши турли даражадаги жароҳатлар олган ҳолда Марке, Абруццо ва Лацио вилоятларидаги шифохоналарда қолмоқда.

Минглаб одамлар турар жойдан маҳрум бўлган. Италиядаги кучли зилзилалар оқибатида кўплаб архитектура объектлари қисман ёки буткул вайрон бўлди. Ҳаммаси бўлиб табиий офат оқибатида тарихий қийматга эга бўлган 293 бинога зиён етди. Вайрон бўлган шаҳарлар тоғли ҳудудда бўлгани ва йўллар ҳам абгор ҳолга келгани сабабли қутқарув техникасининг табиий офат ҳудудига етказилиши қийин кечмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Италияда 24 август куни 6,0 ва 5,4 магнитудали зилзилалар юз берди. Оқибатда Аматриче ва Аккумоли шаҳарлари деярли буткул вайрон бўлган.