Шимолий Кореянинг ядровий синовларини тўхтатиши ҳақидаги баёноти
Сеул Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг ядровий ва ракета синовларини тўхтатиш ҳақидаги баёнотини жиддий ижобий ўзгариш деб ҳисоблади
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.
Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.
Бугунги суҳбатимиз "Шимолий Кореянинг ядровий синовларини тўхтатиши ҳақидаги баёноти”га доир мавзуга бағишланади.
Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.
Жанубий Корея Пхеньяннинг ядро синовлари бўйича қарори юзасидан баёнот берди. Сеул Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг ядровий ва ракета синовларини тўхтатиш ҳақидаги баёнотини жиддий ижобий ўзгариш деб ҳисоблади. Бу ҳақда Жанубий Корея президенти маъмурияти расмий вакили маълум қилди. Бу режалаштирилаётган Кореялар аро саммит ва Шимолий Корея ҳамда Америка қўшма штатлари ўртасидаги саммит олдидан жуда яхши пойдевор яратади, - дея айтиб ўтган маъмурият вакили. Аввалроқ Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Пхеньян ядро ва ракета синовларини тўхтатаётгани, шунингдек ядровий синов майдончасини ёпаётгани ҳақида маълум қилган эди. Шимолий Корея етакчиси Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитасининг ялпи мажлисида шундай баёнот билан чиқди.
«Шимолий Корея 21 апрелдан ядровий синовлар ва қитъалараро баллистик ракеталар учиришни тўхтатади». Шунингдек, Ким Чен Иннинг эълон қилишича, ҳукумат мамлакат шимолидаги ядро полигонини ёпади, бу синовларни тўхтатиш борасидаги ваъдалар тасдиқлови сифатида юз беради. Шунингдек, Шимолий Корея етакчиси Пхеньян ядро қуролини ва технологияларини бошқа давлатларга бермаслигини таъкидлади. «Биз ядро қуролидан ҳеч қачон фойдаланмаймиз, бунда бизнинг давлатга нисбатан ядро қуролини қўллаган ҳолда таҳдид қилиш ёки фитналар истиснога айланади. Нима бўлган тақдирда ҳам биз ядро қуроли ва технологияларини бошқа мамлакатларга бермаймиз», - дея айтиб ўтди Ким Чен Ин.
Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, Пхеньян бундан буён бошқа давлатлар билан мулоқотни фаолроқ йўлга қўяди, бу Корея ярим оролида тинчликни сақлаб қолиш учун керак. Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин Шимолий Кореянинг сулҳ тўғрисидаги аввалги битим ўрнига тинчлик бўйича келишувни имзолаш ҳақидаги эски таклифини қўллаб-қувватлади. У Сеулда пайшанба куни маҳаллий ОАВ раҳбарлари олдида чиқиш қилиб, шундай баёнот берган. "65 йилдан бери давом этаётган сулҳ режимига якун ясаш керак ва урушни тўхтатиш тўғрисидаги декларация орқали тинч келишувни имзолашга қараб ҳаракатланиш лозим", - дея айтиб ўтди Мун Чжэ Ин. 1950-1953 йиллардаги Корея урушидан сўнг Шимолий Корея ва АҚШ расман уруш ҳолатида бўлиб турибди, сабаби улар ўртасида фақат сулҳ тўғрисидаги келишув имзоланган. Пхеньяннинг тинчлик бўйича битим тузиш борасидаги барча уринишлари Вашингтон томонидан рад этиб келинган. АҚШ Жанубий Кореяда ўз қўшинларини сақлаб турибди, уларнинг сони ҳозир 28 минг кишидан ортиқ.
Шунингдек, Хитой ҳам Ким Чен Иннинг қарорини маъқуллади. Хитой ТИВ расмий вакили Лу Каннинг маълум қилишича, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг ядровий синовларни тўхтатиш ҳақидаги қарори ярим орол ядросизланишига туртки беради. Хитойнинг фикрича, Шимолий Корея тегишли қарори Корея ярим оролидаги вазият юмшаши ва ядросизланиш жараёнининг илгари сурилишига туртки беради, - дея маълум қилди Лу Кан. Шунингдек унинг таъкидлашича, Хитой ярим оролдаги вазиятга ечим топиш жараёнида фаол ўрин тутиш ниятида.
Япония бош вазири Синдзо Абэ Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг Пхеньян ядровий ва ракета синовларини тўхтатаётгани ҳақидаги баёнотига эҳтиёткорлик билан муносабат билдирди. Бироқ, Синдзо Абэ бу янгиликни ижобий деб атаган. «Бу қарор ядро қуроли, оммавий қирғин қуроли ва ракеталарнинг бутунлай, ишончли ва ортга қайтарилмайдиган тарзда йўқ қилинишига айнан қандай олиб келиши муҳим», - дея айтиб ўтди Япония бош вазири. Унинг қўшимча қилишича, Токио Шимолий Корея бўйича ўз ҳаракатларини Сеул ва Вашингтон билан биргаликда мувофиқлаштиришда давом этади. Шунингдек, Европа иттифоқи ҳам Шимолий Корея ҳукуматининг ядро синовлари ва қитъалараро баллистик ракеталар учирилишини тўхтатиш ҳақидаги қарорини юқори баҳолаб, маъқуллади. Бу ҳақда Европа иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича масъули Федерика Могерини маълум қилди. Могеринининг қайд этишича, ЕИда Шимолий Корея етакчисининг Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин ҳамда АҚШ президенти Дональд Трамп билан олий даражадаги уч томонлама учрашувини, шунингдек, Америка ҳамда Шимолий Корея раҳбари ўртасидаги учрашувни интиқлик билан кутишмоқда. «Биз умид қиламизки, олий даражадаги бундай ташаббуслар бундан кейин ҳам ишончни мустаҳкамлайди ва қўшимча аниқ ҳамда ижобий натижаларни олиб келади», - дея таъкидлаб ўтди у.
Шу билан бирга, ЕИнинг Шимолий Кореяга нисбатан санкциялар ва очиқ алоқа каналлари уйғунлигидаги кучли босим, аралаш сиёсатни сақлаб қолиши қайд этиб ўтди. Шунингдек, Доналд Трамп Ким Чен Иннинг баёнотига муносабат билдирди. Америка қўшма штатлари президенти Дональд Трамп Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг Шимолий Кореяда ядровий ва ракета синовларини тўхтатиш ҳамда энг йирик ядро полигонини ёпиш ҳақидаги қарорини «яхши янгилик» деб атади. Унинг қўшимча қилишича, энди Ким Чен Ин билан учрашувни кутмоқда. Бундан олдинроқ, Доналд Трамп Ким Чен Ин билан учрашиш ҳақида бўйича баёнот берган эди. АҚШ президентининг маълум қилишича, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан «яқин ҳафталар ичида» учрашишни режалаштирмоқда. АҚШ Марказий разведка бошқармаси Майк Помпео Шимолий Кореяда Ким Чен Ин билан махфий тарзда учрашган.
Помпео Шимолий Кореяга махфий тарзда ташриф буюргани айтилмоқда. Ушбу ташрифдан мақсад АҚШ президенти Дональд Трамп ва Ким Чен Ин ўртасидаги учрашув учун тайёрланиш жараёнини муҳокама қилиш бўлган. МРБда, Оқ уйда ва Пхеньянда бу маълумотга изоҳ беришдан бош тортишди. Аммо шу вақтда жаноб Трамп ўз давлати Шимолий Корея билан «жуда юқори даражада» тўғридан-тўғри музокаралар бошлагани ҳақида маълум қилган. Бу музокаралардан мақсад Шимолий Корея ва АҚШ ўртасида саммит ўтказиш экани айтилди. Март ойи бошида Дональд Трамп Ким Чен Ин билан учрашишга рози бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Кейинроқ Вашингтон ва Пхеньян икки давлат раҳбари учрашувига тайёргарлик кўриш учун махфий музокаралар ўтказаётгани маълум бўлди.
Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.
Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.