Хитой АҚШда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақидаги докладни эълон қилди
(last modified Wed, 25 Apr 2018 12:26:30 GMT )
апрел 25, 2018 17:26 Asia/Tashkent
  • Хитой АҚШда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақидаги докладни эълон қилди
    Хитой АҚШда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақидаги докладни эълон қилди

Хитой давлат кенгаши АҚШ давлат департаменти аввалроқ чоп этган маърузага жавобан “2017 йилда АҚШдаги инсон ҳуқуқлари ҳақида” деб номланган докладни чоп этди

Хитой давлат кенгаши АҚШ давлат департаменти аввалроқ чоп этган маърузага жавобан “2017 йилда АҚШдаги инсон ҳуқуқлари ҳақида” деб номланган докладни чоп этди ва Вашингтон ўзини “ахлоқ судьяси” ва “инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси” деб эълон қилгани, бироқ АҚШнинг ўзида бу соҳада вазиятнинг мунтазам ёмонлашиб бораётгани кузатилаётганини қайд қилган. Бу ҳақда Ирна агентлиги хабар берди. 

Ҳужжатда айтилишича, АҚШда жиноятчилик даражаси ортиб бормоқда, ҳукумат ўқотар қурол билан боғлиқ муаммони ҳал қилолмаяпти, бундай қурол қўллаш билан боғлиқ жиноятлар сони тобора кўпайиб бормоқда, хизмат мажбуриятларини бажаришда полициянинг шафқатсизлиги норозиликларга сабаб бўлмоқда, ҳукумат эса интернетда фуқароларнинг шахсий ҳаётига сурбетларча ва ўзи истаганча аралашмоқда ва шахсий дахлсизлик, шахсий ҳаётнинг барча чегараларини бузмоқда ва АҚШ аҳолисининг эркинлиги жиддий хавфга учрамоқда.

Ҳужжатда, шунингдек, АҚШда ирқий муносабатлар ёмонлашаётгани, ирқий нафрат негизида кўплаб низолар юз бераётгани қайд қилиб ўтилган. Мисол сифатида суд ишлари бўйича статистика келтирилган. Унга кўра, АҚШда қора танли эркаклар европоид ирқи вакилларидан ўртача 19,1 фоизга каттароқ жазо муддати оладилар. Шунингдек, АҚШда турли миллий озчиликлар вакилларининг маоши анчагина паст. Мусулмонларга нисбатан таҳқирлаш даражаси эса 2001 йил 11 сентябрдаги терактлардан кейинги даражадан ҳам юқори. 

Шунингдек, АҚШда аёлларни таҳқирлаш даражаси юқори, аёллар борган сари кўпроқ руҳий, жисмоний ва жинсий зўравонлик қурбонларига айланишмоқда. АҚШда зўравонликдан болалар ҳам ҳимояланмаган, имконияти чекланган одамлар эса камситиш ва таъқибларга учрайдилар.   

Докладда АҚШнинг турли штатларида юз берган оммавий қотилликлар ҳам эслаб ўтилган. АҚШнинг бошқа давлатлардаги ҳарбий амалиётлари эса кўплаб одамларнинг ўлими ва инсон ҳуқуқларининг кўплаб бузилишларига сабаб бўлмоқда.